Солиқ масъулларининг 5,2 млрд сўмлик «иши» ошкор бўлди
Натижада давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Солиқ идораси ходимларининг 5,2 миллиард сўмлик "ишлари" фош этилди.
Солиқ тўлашдан бўйин товлаганлар ва солиқ ҳисобламаган солиқчилар аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, 6 та МЧЖнинг масъул шахслари ва бошқалар 32,6 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғини буджетдан қайтариб олган. Шунингдек, улар 195,9 миллиард сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, савдодан тушган пулларни банкка топширмаган ҳолда савдо қоидаларини жуда кўп миқдорда бузган ва 42,5 миллиард сўмлик солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
Текширув давомида Тошкент вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари томонидан мазкур МЧЖларда ўтказилган аудит текширувларида 5,2 миллиард сўм солиқларни ҳисобламасдан текширув далолатномалари расмийлаштирилгани аниқланган. Бу ҳаракатлар натижасида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

