Иқтисодиёт

Собянин: Россиянинг тинч иқтисодиёти сақланиб қолиши шарт

Москва мери Сергей Собянин Россия иқтисодиётини тўлиқ уруш эҳтиёжларига мослаштириш ҳақидаги чақириқларни кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, тинч иқтисодиётни издан чиқариш мамлакатнинг ўзига жиддий зарар етказади ва бу ҳатто урушдаги мақсадларга эришишга ҳам тўсқинлик қилади.

Собянин: Россия тинч иқтисодиётини сақлаб қолиши шарт

Москва мери Сергей Собянин Россия иқтисодиётини тўлиқ ҳарбий эҳтиёжларга йўналтиришга чақириқларни "бефойда" деб атади. У бу ҳақда ТАСС бош директори Андрей Кондрашовга берган интервюсида маълум қилди. Суҳбат 5-август куни "Вести" телеканалида намойиш этилди.

Собяниннинг сўзларига кўра, мамлакат ҳаёти ва иқтисодиётини тўлиқ уруш манфаатларига йўналтириш оғир оқибатларга олиб келади. "Тинч ҳаётни йўқ қилиш, нормал иқтисодиётни вайрон қилиш – бу мамлакатнинг ўзини ҳалокатга етаклаш демакдир", – деди Москва мери.

Унинг таъкидлашича, агар тинч иқтисодиёт фаолияти издан чиқса, давлат бюджетига тушумлар, аҳоли даромадлари ва солиқ тушумлари камаяди. Бу эса нафақат иқтисодий, балки сиёсий вазиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади. "Агар тинч иқтисодиёт бўлмаса, солиқлар ҳам, аҳоли даромадлари ҳам бўлмайди. Бундай шароитда урушда ҳам муваффақият қозониш мумкин эмас", – деди Собянин.

Москва мерининг фикрича, иқтисодиётни тўлиқ ҳарбий изга ўтказиш ҳақидаги бундай чақириқлар замонавий иқтисодиёт ва замонавий уруш хусусиятларини тушунмайдиган одамлар томонидан айтилмоқда.

Шу интервюда Собянин сўнгги ойларда Москва томон учирилаётган дронлар сони бир неча баробар ошганини ҳам айтди. Унинг даъвосига кўра, Россия ҳудудига амалга оширилаётган дрон ҳужумларининг қарийб учдан икки қисми Москва йўналишига тўғри келади.

Бу баёнот Россияда иқтисодиётни ҳарбийлаштириш ҳақидаги муҳокамалар фонида янгради. Аввалроқ Давлат думасининг иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари Николай Арефев мамлакат иқтисодиётини аллақачон мобилизация моделига ўтказиш вақти келганини айтган эди. Шунингдек, Дума мудофаа қўмитаси аъзоси Андрей Колесник ҳам Россияни ҳарбий изга ўтказиш зарурлигини билдирган.

Айни пайтда бир қатор халқаро таҳлил марказлари Россия иқтисодиётининг ҳолати юзасидан эҳтиёткор хулосаларни илгари сурмоқда. Жумладан, Кил Жаҳон иқтисодиёти институти (ИфВ) июн ойида эълон қилган тадқиқотида Россия иқтисодиёти Украинага қарши кенг кўламли урушнинг тўрт йилдан ортиқ давом этиши оқибатида жиддий даражада заифлашганини қайд этган.

Шунингдек, Франкфуртер Аллгемеине Зеитунг газетаси Европа махсус хизматларидаги манбаларига таяниб, Россия иқтисодиёти "портлаш даражасидаги хавфли ҳолат"га яқинлашганини ёзган. Нашрга кўра, Россия банкларига қарши кенг кўламли санксиялар жорий этилиши ёки нефт нархларининг узоқ муддат пасайиши мамлакатда йирик иқтисодий инқирозни қўзғатиши мумкин.

sanksiyalarrossiya iqtisodiyotimoskvadron hujumlarisergey sobyaninharbiy iqtisodiyottinch iqtisodiyotiqtisodiy inqiroz