Санепидқўмита тизимида коррупсия ҳолатлари фош этилди
Сирдарё, Самарқанд, Наманган ва Хоразм вилоятларида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари пора олаётганида ушланди.

Санепидқўмита тизимида коррупсия ҳолатлари аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси М.А. "М.М." МЧЖ томонидан тайёрланадиган тайёр овқат маҳсулотига ижобий хулоса олишда ёрдам бериш эвазига 300 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм олган вақтида қўлга олинди. У бу ишни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали амалга оширишини айтган.
Департаментнинг Тойлоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тойлоқ туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими санитар врачи Ф.Б. ЯТТ "С.Э."нинг нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига санитар-гигиеник хулосасини расмийлаштириб бериш учун 9 млн сўм талаб қилган. У келишилган пулдан 400 АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Маълум бўлишича, у аввалроқ 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги бўлими ходими Ғ.А. фуқаро Б.D.ga Урганч шаҳрида умумий овқатланиш шохобчаси очиш учун рухсатнома расмийлаштириб бериш ва 6 ой давомида жарима қўлламасликни ваъда қилиб, 2,4 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. У бу ишни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали амалга оширишини айтган.
Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси А.С. фуқаро М.O.ning номига шаҳар ҳудудида нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиш учун ижобий хулоса олиб бериш эвазига 1,2 млн сўм олган вақтида қўлга олинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси ва 25, 211-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

