Сиёсат

Рустем Умеров Украина ташқи разведка хизмати раҳбари бўлади

Рустем Умеров Украина ташқи разведка хизматига раҳбарлик қилади

Украина президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Рустем Умеровни Ташқи разведка хизмати раҳбари лавозимига тайинлаш ниятида. Бу ҳақда "Украинская правда" ва "РБК-Украина" нашрлари манбаларга таяниб хабар берди.

Ушбу маълумотни тез орада Зеленскийнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Украина президентининг сўзларига кўра, Умеров "бир қатор асосий йўналишларни мувофиқлаштириш"ни давом эттиради. Буларга АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан ҳамкорлик, мудофаа, дипломатия масалалари, урушни тугатиш бўйича музокаралар ҳамда дронлар йўналиши киради.

Зеленский 17-июл куни Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ўзгариш бўлишини эълон қилган эди. У бу лавозимни собиқ ички ишлар вазири Игор Клименкога таклиф этган. Ўшанда Умеров Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозимига номзодлардан бири сифатида ҳам кўрилган.

Умеров 2025-йилнинг июлида МХК котиби этиб тайинланган эди. Ушбу лавозимда у АҚШ ва Россия билан музокараларда Украинанинг асосий вакили сифатида иштирок этган. Бунгача эса Украина мудофаа вазири лавозимида ишлаган. Ушбу фаолияти давомида у сўнгги йиллардаги Украинадаги энг шов-шувли коррупсия ишларидан бири — "Энергоатом" иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинганди.

Украинадаги сўнгги ҳарбий кадрлар алмашинуви

Мамлакат мудофаа вазири Михаил Федоров 16-июл куни истеъфога чиқди. У ушбу лавозимни 2026-йилнинг январ ойидан бери эгаллаб келаётган эди. Маълумотларга кўра, у Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский билан ўзаро зиддиятда бўлган ва илгари Зеленскийдан уни лавозимидан озод этишни сўраган, бироқ ўшанда рад жавобини олган. Федоровнинг истеъфосидан сўнг Украина бўйлаб норозилик намойишлари авж олганди.

22-июл куни президент қарори билан Сирский ҳам лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Украина Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинларининг собиқ қўмондони Михаил Драпатий тайинланди. Зеленский Федоровга бир нечта муқобил лавозимларни, жумладан, ҳарбий инновациялар бўйича бош вазир ўринбосари курсисини таклиф қилган. Бироқ Михаил Федоров фақат мудофаа вазири лавозимига қайтишга тайёрлигини билдирмоқда.

mixail drapatiyukrainaaleksandr sirskiyrustem umerovtashqi razvedka xizmativladimir zelenskiykadrlar almashinuvimixail fedorov