Россиянинг 13 та ҳудудида мигрантлар учун “Амина” иловаси мажбурий бўлади

Россиянинг 13 та ҳудудида мигрантлар учун “Амина” иловаси мажбурий бўлади
Россиянинг яна 11 та ҳудудида чет эл фуқаролари учун “Амина” мобил иловасини ўрнатиш мажбурий қилинади. Бу илова мигрантларни биометрик назорат қилиш ва уларнинг ҳаракатини кузатиш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Москва мери Сергей Собянин “ТАСС” агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Иловадан фойдаланиш бўйича қарор 2025-йил сентябридан бери Москва ва Москва вилоятида ўтказилган тажриба натижаларига асосланиб қабул қилинган. Шу тариқа, ушбу икки ҳудудни ҳисобга олган ҳолда, “Амина” иловаси мажбурий бўладиган ҳудудларнинг умумий сони 13 тага етади.
“Амина” иловаси визасиз мамлакатлардан Россияга ишлаш учун келаётган чет эл фуқароларини рақамли назорат қилиш ва миграция ҳисобини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган. Уни Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украинадан келган меҳнат муҳожирлари ўрнатиши шарт.
Илова автоматик равишда геолокация маълумотларини Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) юборади ва масофадан туриб яшаш жойи ҳақида хабар бериш имконини беради. Шунингдек, у фойдаланувчининг ҳақиқий жойлашувини эълон қилинган манзил билан солиштиради.
Агар маълумотлар уч иш кунидан ортиқ вақт давомида узатилмаса, мигрант яшаш манзилини тасдиқлаш ёки унинг ўзгаргани ҳақида хабар бериш илтимоси билан хабарнома олади. Ҳисобга олиш шартларига риоя қилмаслик рўйхатдан чиқаришга ва Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилишига олиб келади.
“Агар унда (мигрантда) бу дастур ишламаса, миграция режими бузилган деб ҳисоблаймиз ва у чиқариб юборилиши керак. Шу тариқа унинг барча ҳаракатларини, кундузи қаерда ишлаётгани ва қаердалигини, кечаси қаерда тунашини ва ҳаракатини биламиз”, деди Собянин.
Москва мерининг сўзларига кўра, тажриба доирасида Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) билан биргаликда чегарада биометрик назорат тизими яратилган. Мигрантлар чегарани кесиб ўтишда бармоқ излари ва рақамли фотосурат қолдиради, бу эса уларни кейинчалик идентификация қилиш имконини беради.
“Биз Москвада миграция оқимларини назорат қилиш соҳасида тажриба ўтказиш учун президентнинг розилигини олдик. Бу нимани англатади? Мамлакатга киришни назорат қилиш ва минтақа ичида ҳаракатланишни назорат қилиш. У ёки бу ҳуқуқбузарликни содир этган жиноятчиларни қидириш”, деди Собянин.
У тизимга Россия чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки қўлга олиниши керак бўлган ҳуқуқбузарлар ҳақидаги барча маълумотлар киритилганини айтди. Технология барча йирик транспорт узелларида, биринчи навбатда авиация узелларида жорий этилмоқда.
2026-йил 1-сентябрдан бошлаб илова нафақат меҳнат мигрантлари, балки чет элликларнинг бошқа тоифалари учун ҳам Москва ва Москва вилоятида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг ягона усули бўлади.
Гап Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда 90 календар кундан ортиқ муддатга келадиганлар ҳақида кетмоқда. Буларга Россия фуқаролари ёки Россияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган чет эл фуқароларининг оила аъзолари, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЁИИ) фуқаролари оила аъзолари, шунингдек, Россия олий ўқув юртлари ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар киради.

