Россияда ҳарбийлар қабрини суратга олганлар қўлга олинмоқда

Россияда ҳарбий қабрларни суратга олган шахсларнинг ҳибсга олиниши тобора оммавий тус олмоқда. Бу ҳақда “Медуза” нашри “Медиазона” муҳаррири Дмитрий Трещанинга таяниб хабар берди.
Хавфсизлик кучлари ҳибсга олинган бир қатор вилоятлар аҳолисини камера қаршисида узр сўрашга мажбур қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда “Медиазона” урушда ҳалок бўлган россияликларнинг қабри суратлари учун пул таклиф қила бошлаган.
Трещанин бу маълумотлар фирибгарларнинг эътиборини тортаётганини таъкидлади. Улар бир неча бор нашрдан ҳали эълон қилинмаган маълумотлар базасини сотиб олишга уринган. Қабр суратлари, жумладан, қариндошларни алдаш учун ҳам ишлатилади. Журналист бу схеманинг тафсилотларини ошкор қилмади, бироқ муҳим огоҳлантириш берди: агар одамнинг телефонида суратлар ва буюртмачи билан ёзишмалар топилса, ФХХ уни давлатга хиёнатда айблаши мумкин.
Иш гўёки топшириқ Украина махсус хизматларидан келгандек расмийлаштирилади. Қолаверса, бундай таклифларни жиноятчиликни очиш кўрсаткичини ошириш учун хавфсизлик ходимларининг ўзлари ҳам юбориши мумкин.
Ўтган ҳафта охирида Ярославлда яшовчи бир кишига нисбатан давлатга хиёнат бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Айбловга кўра, у 2024-йилнинг октябр ойидан бошлаб россиялик ҳарбийларнинг қабрларини мунтазам равишда суратга ва видеога олиб, бу материалларни Украина махсус хизматларига юборган.
Нашрнинг қайд этишича, сўнгги бир ой ичида Ярославл вилоят суди сайтида давлатга хиёнат бўйича камида иккита жиноий иш пайдо бўлган. Июн ойи охирида эса Томск вилоятининг бир нечта резиденти худди шундай иш бўйича ҳибсга олинган. Уларнинг аниқ сони очиқланмаган.
“Медиазона” ББС рус хизмати билан биргаликда урушда ҳалок бўлган россияликлар сонини ҳисоблаб бормоқда. Нашр илгари кўнгиллилардан Россия қабристонларидаги янги қабрлар суратини юборишни сўраганини таъкидлади. Эндиликда эса нашр бундай қилмасликни қатъий тавсия этмоқда.

