Дунё

Россия Павел Дуровни халқаро қидирувга берди

Россия Телеграм асосчиси Павел Дуровни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълум қилди.

Дуровга нисбатан "террорчилик фаолиятига кўмаклашиш" моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Ушбу айблов Украина махсус хизматлари Телеграмъдаги машҳур "Дайвинчик" чатботидан ёш россияликларни "диверсион-террорчилик фаолиятига жалб этишда" фойдалангани бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида илгари сурилган.

ФХХ хабарида айтилишича, "Телеграм маъмурияти раҳбари П. Дуровга Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисмида (террорчилик фаолиятига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноят белгилари бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида айблов эълон қилинди, у халқаро қидирувга берилди".

Идоранинг таъкидлашича, 2025-йил июл ойидан бошлаб Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда 12 ёшдан 22 ёшгача бўлган 46 нафар Россия фуқароси қўлга олинган. Улар чатбот орқали ёлланган. ФХХ маълумотларига кўра, улар "Украина махсус хизматлари топшириғига биноан" ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужум қилишдан тортиб, транспорт ва алоқа обьектларига ўт қўйишгача бўлган турли ҳаракатларни амалга оширган.

Жиноий жавобгарликка тортиш ёшидагиларга айблов эълон қилинган ва уларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. ФХХ маълумотларига кўра, Украина махсус хизматлари ходимлари гўёки қизлар ниқоби остида чатда ёш россияликлар билан танишиб, улардан "кино чипталари ёки фишинг ҳаволалари орқали совғалар учун пул сўраган, кейин эса пуллар Украина Қуролли кучлари ҳисоб рақамларига тушганини билдириб, ҳужумлар ҳамда ўт қўйишларга ундаш билан шантаж қилган".

"Дайвинчик" чатботи 2025-йил 23-декабрда тақиқланган маълумотларни ўз ичига олгани учун "Роскомнадзор"нинг тақиқланган сайтлар ягона реестрига киритилган. ФХХ Телеграм мессенжери маъмурияти ушбу чатбот ва шунга ўхшаш каналларни ўчирмаганини таъкидламоқда. Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисмига кўра, Дуров 8 йилдан 15 йилгача ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

pavel durovinternational wanted listterrorism chargeschatbotfsbtelegramukrainerussia