Қозоғистонда илк бор йўловчили учувчисиз такси ҳавога кўтарилди

Қозоғистон пойтахти Остонада мамлакат тарихида илк бор йўловчили учувчисиз ҳаво таксиси парвози амалга оширилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълум қилди.
"Келажак ўйинлари — 2026" халқаро турнири доирасида, шаҳарнинг махсус ажратилган ҳудудида ЭҲ216-С русумли вертикал учиб-қўнувчи электр аппарати (эВТОЛ) намойиш парвозини ўтказди. Бу синов мамлакатда биринчи бўлиб, учувчисиз йўловчи ташиш технологияларининг реал шароитлардаги имкониятларини кўрсатди.
ЭҲ216-С икки кишини ташишга мўлжалланган бўлиб, соатига 130 км/соат тезликка эриша олади ва учувчисиз 35 километргача масофани босиб ўтади.
Дастлабки босқичда ҳукумат Қозоғистоннинг табиий, маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлари узра беш дақиқадан 30 дақиқагача давом этадиган намойиш ва сайёҳлик йўналишларини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Келажакда бундай аппаратлар шаҳар транспорт тизимининг бир қисмига айланиб, мавжуд ҳаракатланиш турларини тўлдириши мумкин.
Йўловчи ташишдан ташқари, учувчисиз ҳаво таксиларидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармон етказиб бериш, қидирув-қутқарув операцияларини бажариш, ёнғинларни ўчириш ва логистика вазифаларида фойдаланиш режалаштирилмоқда.
"Лойиҳанинг яна бир йўналиши халқаро ҳамкорлик доирасида Қозоғистонда йўловчи ташувчи учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўлади. Бу янги юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда", дейилади хабарда.
Транспорт вазирлиги шаҳар ҳаво ҳаракатланишини жорий этиш учун меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилганини маълум қилди. Мамлакатда эВТОЛ ҳаво таксиларидан фойдаланиш, вертипортлар фаолияти ва учувчисиз ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларини тартибга солувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган. Бу янги технологияларнинг транспорт инфратузилмасига хавфсиз интеграциялашувини таъминлаши лозим.
Май ойида Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида илк бор эВТОЛ учар таксиси синовдан ўтказилгани хабар қилинганди. Ушбу синов бутун Марказий Осиё ҳудудидаги биринчи тажриба ҳисобланади. Электр энергиясида ишлайдиган аеротакси тирбандликни камайтириш, сайёҳлик обьектларини боғлаш ва саёҳат вақтини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Ўтган йилнинг май ойида Эрон мамлакатдаги биринчи ҳаво таксисини расман ишга туширганди. Ҳаво таксисининг биринчи рейси Керож ва Қазвин шаҳарларини боғлаб, мунтазам қатновларнинг бошланиши бўлганди.

