Дунё

Путин Россия армияси сонини оширди

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Қуролли кучларининг умумий штат сонини 2 426 130 кишига етказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда “РБК” хабар берди. Ушбу умумий сондан 1 535 000 нафари бевосита ҳарбий хизматчилардир.

Фармон 1-августдан кучга киради. Ушбу ўзгариш Қуролли кучларда 2006-йилда тарқатиб юборилган ҳарбий-қурилиш қисмларининг қайта ташкил этилиши билан боғлиқ. Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли уруш бошланганидан бери Путин армия сонини олтинчи марта оширмоқда.

Ҳарбий хизматчилар сони 25 минг кишига кўпайди. Бир ярим ой аввал, яъни 12-июн куни президент ҳарбий хизматчилар сонини 1,51 миллион киши этиб белгилаган эди. Ўша пайтда Россия Қуролли кучларининг умумий штат сони тахминан 7300 кишига ошган.

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев апрел охирида 2026-йил бошидан бери 127 минг киши Қуролли кучлар билан шартнома имзолаганини маълум қилган. Унинг қўшимча қилишича, яна 10 минг киши кўнгиллилар отрядларида хизмат қилиш учун шартнома тузган. Медведев 2025-йилда жами 450 минг киши шартнома имзолаши ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россия 500 минг кишини сафарбар этишга тайёрланаётганини айтганди.

“Путин урушни тўхтатишга тайёр эмас... У сафарбарликни кучайтиришни хоҳлайди. Очиқчасига эмас, чунки у ўз жамиятидан қўрқади, аммо биз унга логистика, қурол-яроғ, бензин, дизел ёнилғиси билан боғлиқ муаммолар туғдирмасак ва ҳамкорларимиз санксияларни кучайтирмаса, у буни октябр ойининг бошида амалга оширади”, деган Украина президенти.

ukraine warmilitary recruitmentvladimir putinarmy expansionrussian militarymilitary personnelmobilization