Пулли автомобил йўлларини ташкил этиш тартиби белгиланди
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобил йўлларида ҳаракатланишига фақат махсус ваколатли орган ёки

Пулли автомобил йўлларини ташкил этиш тартиби белгиланди. Бу борада «Автомобил йўллари тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–1162-сон, 05.08.2026-й.) қабул қилинди.
Қонунга кўра, автомобил йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари йўл эгалари томонидан, шу жумладан ихтисослаштирилган йўл ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобил йўлларида ҳаракатланишига фақат махсус ваколатли орган ёки унинг тизимидаги идоралар томонидан бериладиган махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда рухсат этилади.
Пулли автомобил йўлларини қуриш, реконструксия қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёки ўз ваколатлари доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.
Мазкур қарор режалаштирилаётган пулли автомобил йўли билан боғлиқ ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги ва фойдаланиш ҳолатидаги автомобил йўллари бўйлаб муқобил бепул ҳаракатланишни таъминлаш шарти билан қабул қилинади.
Фойдаланувчи транспорт воситасида пулли йўлдан ҳаракатланиш учун қуйидаги усуллардан бири орқали оператор билан оммавий шартнома тузади:
▪️ пулли автомобил йўлига кириш;
▪️ ҳаракатланиш учун тўловни тўлов пунктида тўлаш;
▪️ йўл талонини сотиб олиш.
Пулли автомобил йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов транспорт воситаларининг юқори тезлик режимини ва бутун йўналиш бўйлаб юқори даражадаги сервис хизматини таъминлаш шарти билан жорий этилади.

