“Полигондан қочиб, уч ой яшириниб яшадим”. Россия армиясига ёлланган андижонлик 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди
Андижонлик йигит Россияга ишлашга бориб, гиёҳвандлик моддалари бўйича қамалган. Сўнг Россия армиясига ёлланиб, Луганскка юборилган. Ўзининг айтишича, 13 кундан кейин полигондан қочиб, 3 ой яшириниб яшаган. Укаси юборган пул билан Ўзбекистонга қайтган. Унга 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди.

“Полигондан қочиб, уч ой яшириниб яшадим”. Россия армиясига ёлланган андижонлик 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди
8-июл куни Андижон вилояти Балиқчи тумани жиноят ишлари суди Россия-Украина урушида иштирок этиш учун Россия қуролли кучларига ёлланган 23 ёшли Н.У. исмли фуқаронинг ишини кўриб чиқди. “Газета” суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд материалларига кўра, Н.У. 2021-йил 1-сентабрда меҳнат мигранти сифатида ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига бориб, автосалонда фаолият юритган. Бир йил ўтиб, 2022-йил 24-августда у гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганликда гумонланиб, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳибсга олинган. 2023-йил 1-сентабрда Брянск вилояти суди уни ушбу жиноятда айбдор деб топиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилган.
Жазони ўташ даврида, 2025-йил август ойида у Россия Қуролли кучларининг Брянск вилоятидаги мудофаа бўлими билан ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаган. Шундан сўнг унга Россия Қуролли кучлари ҳарбий гувоҳномаси берилиб, оддий аскар унвони билан хизматга қабул қилинган. Кейинчалик Луганск шаҳрига юборилган судланувчи ҳарбий ўқув полигонида 12 кун давомида жанговар тайёргарликдан ўтган. Машғулотлар давомида унга қурол-яроғдан фойдаланиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича билимлар берилган.
Суд материалларида қайд этилишича, Н.У. машғулотлар давомидаёқ Россия Қуролли кучлари сафидан қочишга қарор қилган. У 2025-йил 9-сентабрда Луганск шаҳридаги ҳарбий дала лагери ҳудудидан қочиб, 2026-йил 15-январда “Домодедово – Тошкент” авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтган.
“Изоляторда муддатимни узайтириш учун имзо қўйганман, у ҳарбий шартнома экан”
Судда сўроқ қилинган Н.У. айбини тўлиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, 2021-йил сентабрда танишининг таклифи билан ишлаш учун Москвага кетган. Аввалига автосервисда, кейин эса қурилишда ишлаган.
2022-йил август ойида маҳалладоши билан ижарага олинган автомашинада кетаётган вақтда полиция уларни тўхтатиб, автомашинани кўздан кечирган. Судланувчининг сўзларига кўра, текширув пайтида машинадан гиёҳванд моддалар топилган ва иккаласи ҳам ушланган.
2023-йил сентабрида Россия суди уларни Жиноят кодексининг 228-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи) билан айбдор деб топиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилган.
Н.У. қамоқхонада ички тартибни бузгани учун 13 кунга қаттиқ режимли изоляторга жойлаштирилганини айтди. Кейин эса ушбу муддат яна узайтирилган.
“Муассаса ходимлари изолятор муддатини узайтириш учун ҳужжатга имзо қўйдиришди. Бир ҳафтадан кейин ҳарбийлар келиб, Украинага қарши урушга кетишимни айтишди. Мен ҳеч қандай шартномага имзо қўймаганимни айтдим. Шунда улар менинг имзом қўйилган шартномани кўрсатишди. Шунда изолятор муддатини узайтириш деб имзо қўйдирилган ҳужжат ҳарбий хизмат шартномаси бўлганини билдим”, — деди у судда.
Унинг айтишича, 2025-йил август ойи охирида ҳарбийлар уни қамоқхонадан олиб чиққан. Улар билан бирга Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Наманган вилоятларидан бўлган бир нечта Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Тожикистон ва Беларус фуқаролари ҳам бўлган.
Улар Луганск шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонга олиб борилган. Н.U.ning таъкидлашича, у ерда 200 нафардан ортиқ ҳарбий бўлган, уларнинг 15-20 нафари ўзбек миллатига мансуб эди.
“Бизга қурол-яроғларнинг техник хусусиятлари, улардан қандай фойдаланиш ва бошқа ҳарбий машғулотларни ўргатишди”, — деди у.
“Полигондан қочиб, Луганск чеккасидаги қишлоқда кекса фуқаронинг уйида уч ойга яқин яшириниб яшадик”
Н.U.ning айтишича, ҳарбий полигонда бўлган 13 кун давомида у озарбайжонлик Маҳаррам ва рус миллатига мансуб Дания исмли йигит билан танишган. Кейинчалик улар учовлон ҳарбий қисмдан қочиш режасини тузган.
“9-сентабр куни кечқурун сафланиб рўйхатдан ўтдик. Соат 22:00 атрофида полигондан қочиб кетдик”, — деди судланувчи.
Унинг сўзларига кўра, улар Луганск чеккасидаги қишлоқлардан бирига бориб, кекса фуқаронинг уйида уч ойга яқин яширинган.
“Луганск шаҳри чеккасидаги қишлоқлардан бирига бориб, рус миллатига мансуб Константин исмли кекса шахснинг уйига кирдик. Дания уй эгаси билан вақтинча яшаб туриш учун гаплашди ва у рози бўлди. Шу уйда қарийб уч ой яшадик. Ўша вақт давомида Россиядан чиқиб кетиш йўлларини қидирдик”, — деди судланувчи.
Кейинроқ улар Белгородга йўл олган. Бироз вақт ўтгач, ҳамроҳлари пул топиб, уйларига кетган, Н.У. эса Ўзбекистондаги укаси билан боғланиб, маблағ юборишини сўраган.
“Укам юборган пул билан Москвага етиб олдим”
Судланувчи укаси унга 2500 доллар юборганини айтди. Шу маблағ ҳисобига у Қашқадарё вилоятидан бўлган Бахтиёр исмли шахс билан келишиб, 150 минг рубл эвазига Москвага етиб олган.
Москвада бир неча кун ижара уйларда яшаганидан кейин онлайн тарзда “Домодедово – Тошкент” авиачиптасини сотиб олган ва 2026-йил 15-январда Ўзбекистонга қайтган.
Н.У. судда қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.
“Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, ҳарбий тайёргарлик машғулотларида қатнашганман. Аммо бу жиноятни қасддан содир этмадим. Мени алдаб ёлланишга мажбур қилишди. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман ва менга қонуний енгиллик беришингизни сўрайман”, — деди у.
Суд Н.U.ni Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топди.
Суд унинг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ва жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади.
Натижада унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

