Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг 48 фоизи норасмий ишламоқда — тадқиқот

Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг деярли ярми, аниқроғи 48 фоизи норасмий равишда ишлайди ва солиқ тўламайди. Бу маълумотни 30-июл куни Тошкентда бўлиб ўтган мулоқотда Фискал таҳлиллар институти бўлим бошлиғи Учқун Абдуғаниев ошкор қилди, деб хабар берди “Дарё” мухбири.
Учқун Абдуғаниевнинг сўзларига кўра, давлат бюджети ижроси самарадорлигини ошириш бўйича ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакатда расмий бандликни кенгайтириш учун меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, расмий ишга жойлашиш жараёнини соддалаштириш ва назоратни кучайтириш зарур.
Институт вакили таъкидлашича, "бугун иш билан банд бўлганларнинг 48 фоизи, яъни қарийб ярми норасмий секторда фаолият юритаётгани сабабли ижтимоий солиқнинг мунтазам тўловлар базаси чекланмоқда".
Учқун Абдуғаниевнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар 1 миллион фуқаро расмий бандликка ўтказилса, бюджетга қўшимча 3 триллион сўмгача солиқ тушуми келади. Мутахассис бу маблағ эвазига 480 ўринли 100 та мактаб қуриш мумкинлигини таъкидлади.
Жорий йилнинг апрел ойида Фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда минимал иш ҳақини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар берган эди. Ўша пайтда ташкилот томонидан тақдим этилган рақамларда норасмий бандлик даражаси юқоридаги мулоқотда айтилганидан пастроқ кўрсатилган эди. Таҳлилда "норасмий бандлик даражаси 38–40 фоизни ташкил этади. Маълумотларга кўра, 14,7 миллион иқтисодий фаол аҳолидан тахминан 5,4 миллион киши расмий секторда банд", дейилган.
Шу билан бирга, институт амалиётда ходимларни расман энг кам иш ҳақи даражасида расмийлаштириб, даромаднинг қолган қисмини норасмий тарзда тўлаш ҳолатлари кузатилишини ҳам маълум қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1,2 миллион нафар ходим ойига 1,3 миллион сўмгача маош олаётгани маълум қилинган эди. Бу миқдор харажатларни қоплашга умуман етмаслиги билдирилган.

