Маҳаллий

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари июн ойидаги пасайшдан сўнг қисман тикланди

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июлда 590 млн долларга кўпайиб, 64,35 млрд долларга етди. Олтиннинг физик ҳажми салкам тоннага камайганига қарамай, котировкалар ошиши ҳисобига қиймати $365 млнга ўсди. Марказий банк захиралардаги қимматли қоғозлар портфелини деярли 40 фоизга қисқартирди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари июн ойидаги пасайишдан кейин қисман тикланди. Марказий банк маълумотларига кўра, 1-август ҳолатига кўра, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 590 миллион долларга ошиб, 63,76 миллиард доллардан 64,35 миллиард долларга етди.

Июл ойида валюта захиралари 209 миллион долларга кўпайиб, 7,44 миллиард доллардан 7,65 миллиард долларга етди.

Халқаро захиралар таркибида қимматли қоғозлар пайдо бўлганидан бери биринчи марта уларнинг ҳажми камайгани кузатилди. Июл ойида бу портфел қарийб 1,1 миллиард долларга ёки деярли 40 фоизга қисқариб, 2,86 миллиард доллардан 1,76 миллиард долларгача тушди.

Шу билан бирга, нақд валюта ва депозитлар ҳажми 1,31 миллиард долларга ошиб, 4,58 миллиард доллардан 5,89 миллиард долларгача етди.

Захиралар таркибидаги олтиннинг қиймати 365 миллион долларга кўтарилиб, 55,76 миллиард доллардан 56,12 миллиард долларга етди.

Бироқ, олтиннинг физик ҳажми бироз камайди – 13,88 миллион трой унсиядан 13,85 миллион трой унсиягача (430,8 тонна). Бу камайиш тахминан 30,2 минг трой унсияни ёки қарийб 0,94 тоннани ташкил этди. Шундай қилиб, олтин ҳажми 1-июл ҳолатидаги рекорд кўрсаткичдан сўнг қисқарди.

Қимматбаҳо металлнинг физик ҳажми камайганига қарамай, жаҳон нархларининг ошиши захираларнинг олтин қисми қийматини сақлаб қолди.

Марказий банкнинг статистикага берган изоҳида айтилишича, июл ойида олтин нархи бир трой унсия учун 4016,7 доллардан 4052,2 долларгача ёки қарийб 0,9 фоизга ошган. Регулятор олтинни қайта баҳолашдан олинган ижобий эффектни 490 миллион долларга баҳолади.

Бу шуни англатадики, котировкалар ошиши ҳисобига олтин захираси қийматининг ортиши унинг физик ҳажми камайиши билан қисман қопланган.

Таққослаш учун, 1-июл ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бирданига 6,8 миллиард долларга – 70,6 миллиард доллардан 63,8 миллиард долларгача қисқарган эди. Ўшанда асосий сабаб олтин нархининг тушиши бўлганди: унинг нархи бир трой унсия учун 4516,85 доллардан 4016,7 долларгача арзонлашган, Марказий банк эса қайта баҳолашнинг салбий эффектини тахминан 6,9 миллиард долларга баҳолаган эди.

Марказий банк аввалроқ халқаро захираларда олтин улушининг юқорилигини активларни бошқаришга консерватив ёндашув билан изоҳлаган эди. Шу билан бирга, регулятор қимматбаҳо металлар нархининг тебранишларига қарамликни камайтириш учун захираларни босқичма-босқич диверсификация қилмоқда.

Халқаро захиралар мамлакат молиявий барқарорлигининг воситаларидан бири бўлиб хизмат қилади. Улар ташқи мажбуриятларни бажариш, зарур ҳолларда валюта бозорини қўллаб-қувватлаш ва ташқи шоклар даврида ўта муҳим импортни молиялаштириш учун ишлатилади.

oltin-valyuta zaxiralarivalyuta zaxiralarioltin narxixalqaro zaxiralaro‘zbekistonmarkaziy bankmoliyaviy barqarorlikiqtisodiyot