Ўзбекистонликлар Россияга энг кўп келган хорижликлар рўйхатида етакчи бўлди
2026-йилнинг дастлабки икки чорагида Россияга хориж фуқаролари 7,1 млн марта ташриф буюрган.

Ўзбекистон фуқаролари Россияга энг кўп ташриф буюрган хорижликлар орасида етакчилик қилди.
Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) Чегара хизмати томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ-июн ойларида Россияга хорижий фуқароларнинг кириб келиши бўйича ҳисоботда Ўзбекистон биринчи ўринда қайд этилган.
Ҳисоботда айтилишича, 2026-йилнинг дастлабки олти ойида Россияга хориж фуқаролари жами 7,1 миллион марта ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу давридаги 7,8 миллион ташрифга нисбатан камроқдир.
Россияга энг кўп фуқаролари кириб келган 10 мамлакат рейтингида Ўзбекистон 1 миллион 613 минг ташриф билан биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йили бу рақам 1 миллион 825 мингни ташкил этган эди.
Кейинги ўринларда Қозоғистон, Хитой, Тожикистон ва Қирғизистон жойлашган. Рўйхатда шунингдек, Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Туркия ва Мўғулистон ҳам бор.
Январ-июн ойларида "туризм" мақсадида Россияга 676,4 минг марта ташриф амалга оширилган. Сайёҳларнинг асосий қисмини Хитой (380,5 минг ташриф), Туркманистон (46 минг), Туркия (36,9 минг) ва Саудия Арабистони (20,6 минг) фуқаролари ташкил этган.
"Ишлаш" мақсадини кўрсатганлар сони 2,4 миллион нафарни ташкил этган. Улар асосан Ўзбекистон (1,1 миллион), Тожикистон (494 минг) ва Қирғизистон (289 минг) фуқароларидан иборат.
"Таълим олиш" мақсадида 202 минг ташриф қайд этилган. Бу борада Қозоғистон (47 минг), Хитой (42 минг) ва Ўзбекистон (26 минг) фуқаролари етакчилик қилмоқда.
Шунингдек, 2,3 миллион ҳолатда ташриф мақсади "шахсий сафар" сифатида кўрсатилган. Бундай ташрифларнинг асосий қисми Қозоғистон (850 минг), Ўзбекистон (263 минг) ва Абхазия (225 минг) фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

