Ўзбекистонда янги бренд остида меҳмонхоналар очилиши мумкин
АҚШнинг Бест Вестерн халқаро меҳмонхона брендини Ўзбекистон бозорига олиб кириш режалаштирилмоқда. Кҳан Интернатионал Инвестмент Сонсортиум Ўзбекистондаги йирик меҳмонхоналар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Тошкент вилояти ва Зоминда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистонда янги меҳмонхона бренди пайдо бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Кҳан Интернатионал Инвестмент Сонсортиум бош директори Ҳабиб Хон билан музокаралар ўтказди. Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар, инвестиция муҳити ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти муҳокама қилинди.
Ҳабиб Хоннинг сўзларига кўра, консорсиум Покистон ва АҚШда меҳмонхоналарни бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритади. Компания Ўзбекистондаги йирик меҳмонхоналар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ва АҚШнинг Бест Вестерн халқаро меҳмонхона брендини мамлакат бозорига олиб киришни режалаштирган. Ушбу бренднинг Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиши учун тегишли рухсат олингани қайд этилди.
Музокараларда Тошкент вилоятида меҳмонхона бизнесини ривожлантириш, кўчмас мулк ва замонавий турар жой мажмуаларини барпо этишга инвестициялар жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Зомин туманида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар истиқболли лойиҳаларни батафсил ўрганиш ва амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида Кҳан Интернатионал Инвестмент Сонсортиум делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олдилар.
Маълумот учун, Кҳан Интернатионал Инвестмент Сонсортиум кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси, электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш, энергетика ва қурилиш соҳаларида фаолият юритади. Консорсиум АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Покистонда турли бизнес лойиҳаларини амалга оширган ҳамда 24 дан ортиқ меҳмонхонани бошқаради.

