Иқтисодиёт

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганларга ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримовнинг айтишича, янги тартиб фуқароларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Вазирлик вакили “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида, ҳозирда ўзини ўзи банд қилганларнинг 30 фоизи солиқни ўз ихтиёри билан тўлаётганини таъкидлади.

“Ҳозирда 2,8 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган фуқародан 800 мингга яқини ихтиёрий равишда солиқ тўлайди. Агар улар пенсия жамғармасига базавий ҳисоблаш миқдорида (ҳозирда 412 минг сўм) тўлов қилсалар, уларга бир йиллик иш стажи автоматик равишда ҳисобланади. Мана шуни рағбатлантириш мақсадида мажбурий тартибда белгилаш тизимини жорий қилмоқчимиз,” деди вазир ўринбосари.

Отабек Фозилкаримовнинг фикрича, фуқароларнинг пенсияга чиқишида стажи етарли бўлишини таъминлаш билан бирга, тўлаган пулларидан Ижтимоий суғурта жамғармасига ажратмалар жорий қилинади. Янги тизимда келгусида бола парвариши ёки касаллик сабаб нафақа таътилига чиққанларга нафақа олиш имконияти яратилади.

“Давлат раҳбари шу бўйича алоҳида топшириқлар берди, таклифларимизни маъқуллади,” деди вазирлик расмийси.

Ҳозирда Пенсия жамғармаси молиялаштирадиган пенсионерлар сони 4,3 миллион нафардан ошган. Уларга 2026-йилда жами 86 триллион сўм тўлаш белгиланган. Бу ҳар бир пенсионер учун ойига ўртача 1,66 миллион сўмни ташкил этади.

Пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади. 2026-йил 14-июл куни президент Шавкат Мирзиёевга пенсия тизимига янгилик киритишга оид тақдимот қилинди. Мулоқотда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳозирда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди, бу эса айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.

Тақдимотда пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ва паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинган. Шунингдек, 2027-йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга оширилиши мумкин.

Тақдимотда ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган. Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилган.

o‘zbekistondavlat siyosatiiqtisodiyotmoliyaijtimoiy soliqo‘zini o‘zi band qilishpensiya tizimisoliq to‘lash