Технология

Ўзбекистонда ўтадиган Халқаро информатика олимпиадаси 390 га яқин иштирокчи қатнашади

Илк бор Ўзбекистонда Халқаро информатика олимпиадаси бўлиб ўтади. Унда 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар мактаб ўқувчиси, делегация раҳбарлари, мураббийлар ва халқаро қўмита аъзолари иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон шарафини 100 нафар ўқувчи орасидан саралаб олинган 8 нафар вакил ҳимоя қилади.

Ўзбекистон 9-августдан 16-августгача илк бор Халқаро информатика олимпиадаси (ИОИ-2026)га мезбонлик қилади. Бу 38-марта ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбир бўлади.

Пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ушбу интеллектуал мусобақаларда 97 мамлакатдан жами 386 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этади. Делегация раҳбарлари, мураббийлар, халқаро қўмита аъзолари ва бошқа меҳмонлар билан биргаликда иштирокчилар сони 900 нафардан ошади.

Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон терма жамоасини тайёрлаш ишлари 2025-йил ноябр ойида бошланган. Қозоғистон, Полша ва Руминиядан келган экспертлар иштирокида 10 га яқин ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди. Саралаш босқичлари якунида 100 нафар мактаб ўқувчиси орасидан 8 нафар иштирокчидан иборат иккита миллий терма жамоа шакллантирилди.

Ўзбекистоннинг ушбу тадбирни ўтказиш бўйича талабномаси 2023-йилда Венгриянинг Сегед шаҳрида 28-августдан 4-сентабргача бўлиб ўтган 35-олимпиада давомида маъқулланган эди.

ИОИ ҳар йили турли мамлакатлардан юқори синф ўқувчиларини бирлаштиради. Улар масалаларни таҳлил қилиш, алгоритмлар ва маълумотлар тузилмаларини ишлаб чиқиш, дастурлаш ва тестдан ўтказиш каби йўналишларда ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказадилар.

Ҳар бир иштирокчи мамлакат олимпиадада ўз шарафини ҳимоя қилувчи тўрт кишилик жамоани танлаб олади. Жамоа етакчиси ва унинг ўринбосари ҳамроҳлигида икки кун давомида куч синашади. Ҳар бир иштиракчи якка тартибда беллашади ва ҳар бир мусобақа кунида беш соат ичида учта алгоритмик масалани ечиш орқали максимал натижага эришишга ҳаракат қилади.

ИОИ-2026 логотипи сифатида афсонавий ҳумо қуши танланган. Унинг танаси ва қанотлари геометрик шакллар, схемаларга ўхшаш чизиқлар ва иккилик рақамлари (0 ва 1) ёрдамида яратилган. Логотипдаги иккилик кетма-кетлиги йилни ва мезбон мамлакатни акс эттиради.

international olympiad in informaticsuzbekistanprogramming competitionschool studentsioihumo bird logoalgorithmic problemsdigital technologies