Ўзбекистонда инвестициялар ҳажми қарийб 339 трлн сўмга етди
Асосий улушни хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган ташқи кредитлар ташкил қилди

Ўзбекистонда инвестициялар ҳажми қарийб 339 триллион сўмга етди.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш мақсадида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 338,9 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар жалб қилинган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,5 фоизга ўсганини кўрсатади. Инвестициялар таркибида энг катта улуш хорижий сармоялар ва ташқи молиялаштириш ҳисобига тўғри келган.
Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг энг катта қисми – 235 триллион 628,2 миллиард сўм хорижий инвестициялар ва Ўзбекистон Республикаси кафолати билан таъминланмаган хорижий кредитлар ҳисобидан амалга оширилган.
Корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 38 триллион 631,6 миллиард сўм, Ўзбекистон Республикаси кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобидан эса 23 триллион 419,5 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилган.
Шунингдек, аҳоли маблағлари ҳисобидан 19 триллион 33,2 миллиард сўм, республика буджети ҳисобидан 15 триллион 999,3 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган.
Тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан 4 триллион 824 миллиард сўм асосий капиталга инвестиция киритилган. Шу жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 триллион 408,4 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилган.

