Иқтисодиёт

Ўзбекистонда банкдаги омонатдан олинган даромад солиққа тортилиши мумкин

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган даромадларига солиқ жорий этилиши мумкин. Бу таклиф Фискал таҳлиллар институти томонидан 30-июл куни солиқ сиёсати бўйича ўтказилган мулоқотда илгари сурилди, дея хабар беради “Дарё” мухбири.

Институт солиқ тизимини такомиллаштириш мақсадида бир қатор таклифлар ишлаб чиққан. Ҳозирда мамлакатда пассив даромадлар орасида фақат банк омонатларидан олинган фойда солиққа тортилмайди. Эндиликда ушбу турдаги даромадларни дивиденд солиғи ставкасида, яъни 5 фоиз миқдорида солиққа тортиш таклиф этилмоқда.

Фискал таҳлиллар институти мутахассислари ушбу таклифни ишлаб чиқишда халқаро тажрибани ўрганганликларини ва тегишли ҳисоб-китобларни амалга оширганликларини таъкидладилар. Мисол учун, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонда банк омонатларидан олинган даромаддан 10 фоиз, Германияда 26,4 фоиз, Индонезияда эса 20 фоиз солиқ ундирилади.

2026-йил 1-май ҳолатига кўра, Ўзбекистон банкларида жисмоний шахсларнинг умумий омонатлари 170 триллион сўмни ташкил этади. Институт вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар омонатларнинг ўртача фоиз ставкаси 16 фоиз бўлиб, унинг 5 фоизи солиққа тортилса, давлат бюджетига қўшимча 1,4 триллион сўм даромад келиши мумкин.

Мулоқот давомида ушбу таклифнинг фақат Фискал таҳлиллар институтига тегишли эканлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки бошқа ваколатли органларнинг расмий позицияси эмаслиги алоҳида қайд этилди. Институтнинг вазифаси таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни жамоатчиликка эълон қилиш эканлиги, таклифларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши эса ваколатли органларга боғлиқлиги тушунтирилди.

uzbekistanincome taxtaxationfiscal policybank depositseconomic reformpassive incomegovernment revenue