Ўзбекистонда автобус учун йўл ҳақини иқтисодий асосланган даражага ошириш таклиф қилинди

Ўзбекистонда автобусда йўл ҳақини иқтисодий жиҳатдан асосланган даражага кўтариш таклифи илгари сурилди. Бу таклиф Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қошидаги Фискал таҳлиллар институти томонидан ташкил этилган муҳокама чоғида ўртага ташланди.
Тақдимотда айтилишича, ҳозирда жамоат транспорти харажатларининг 65,1 фоизи субсидиялар ҳисобидан қопланмоқда. Субсидиялар миқдори 2024-йилдаги 1 триллион сўмдан 2025-йилда 1,2 триллион сўмга, 2026-йилда эса 1,385 триллион сўмга етган.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, брутто-шартномаларни молиялаштириш учун йилига 1,9 триллион сўм зарур. Шундан 1,3 триллион сўми Тошкент шаҳри жамоат транспортига тўғри келади.
Мутахассислар субсидиялар ҳажми ортиб бораётганини, аммо транспорт тизимининг самарадорлиги ва натижаларини баҳолашда шаффофлик етарли эмаслигини таъкидладилар.
Шу сабабли, йўловчи оқими кам бўлган маршрутларни оптималлаштириш, йўл ҳақини иқтисодий асосланган даражага олиб чиқиш, ҳудудларда жамоат транспортини кенгайтириш, имтиёзли тоифадаги фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда ташувчиларга тўловларни сифат кўрсаткичлари (КПИ) асосида амалга ошириш таклиф этилди.
Июл ойи бошида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда 1 фоизлик солиқ кешбекини бекор қилиш бўйича таклиф билан чиққан эди.
Институт экспертларининг фикрича, дастлабки босқичда ушбу механизм истеъмолчиларда фискал чек олиш одатини шакллантиришда самарали восита бўлган. Бироқ бундай амалиёт одатий ҳолга айлангач, оммавий пулли рағбатлантиришга бўлган эҳтиёж босқичма-босқич камаяди.

