Ўзбекистон хавфли зонада: БМТ зилзила эҳтимолига тайёр туришга чақирди

Ўзбекистон хавфли зонада: БМТ зилзила эҳтимолига тайёр туришга чақирди

БМТ зилзилалар табиий офатлар орасида энг ҳалокатлиси эканлигини таъкидлаб, Марказий Осиё давлатларини тайёргарлик кўришга ундади. 2000-йилдан 2023-йилгача ер силкинишлари дунёдаги барча табиий офатлар сабаб бўлган ўлим ҳолатларининг ярмидан кўпига сабаб бўлган. Ҳозирда 15 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Истанбул шаҳри энг кўп хавотир уйғотмоқда, чунки у дунёдаги энг фаол тектоник ёриқлардан бири — Шимолий Анадолу ёриғи яқинида жойлашган.

2025-йилги тадқиқотга кўра, Туркиянинг Мармара денгизи остидан ўтган ёриқ қисми тахминан 7 балли зилзилани келтириб чиқариши мумкин. Яқин ўн йилликларда Истанбул ҳудудида бундай ҳодисанинг содир бўлиш эҳтимоли 40–60 фоизни ташкил этади.

Марказий Осиё давлатлари хавф зонасида жойлашган

Хавф ҳудуди фақат Туркия билан чекланмайди. Қирғизистон ва Тожикистоннинг деярли бутун ҳудуди, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, Жанубий Кавказ мамлакатлари сейсмик хавфи юқори бўлган зоналарга киради. Айниқса, Фарғона водийси ўта заиф ҳудуд саналади, бу ерда бир вақтнинг ўзида учта давлат — Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегаралари кесишган ҳудудда 11 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

2023-йилда Туркия ва Суриядаги вайронкор зилзилалар касалхоналар ишлашда давом этиши нақадар муҳимлигини кўрсатди. Табиий офатдан кейинги дастлабки дақиқаларда тиббиёт муассасалари ишдан чиқса, минглаб жабрланганлар ҳаётий зарур ёрдамсиз қолиши мумкин.

Зилзилага тайёр туриш чоралари

ЖССТ экспертларининг таъкидлашича, зилзилага олдиндан тайёргарлик кўриш унинг оқибатларини бартараф этишга қараганда анча арзонга тушади. БМТ маълумотларига кўра, янги шифохонани сейсмик бардошлилик талаблари асосида қуриш лойиҳа нархини 4 фоизгача оширмайди. Мавжуд биноларни модернизация қилиш эса уларнинг қийматидан қарийб 1 фоиз атрофида маблағ талаб этади. Бу иншоотларнинг эҳтимолий табиий офатдан кейин ҳам ўз фаолиятини муваффақиятли давом эттириш имкониятини кескин оширади.

Тиббий инфратузилмани мустаҳкамлашдан ташқари, шошилинч тиббий бригадаларни доимий шай ҳолатда сақлаш, мунтазам ўқув машғулотларини ўтказиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, кексалар ва ногиронлиги бор шахслар каби заиф қатламларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади.

o‘zbekistontayyorgarlikxavfbmtzilzilamarkaziy osiyotibbiyotseysmik xavf