Маҳаллий

Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 75 ёшида вафот этди. ъҚаддингни тик тут, Аёлъ каби таниқли қўшиқлар муаллифи, ўз навбатида, Олий Мажлисда депутатлик қилган, Президент девонида ҳам ишлаб, хотин-қизлар ва ижтимоий масалаларга оид қонунчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 5-август куни вафот этди. Марҳуманинг жаноза намози аср намозидан сўнг Чиғатой масжидида ўқилади.

Шоира Шарифа Салимова 1951-йил 30-декабрда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. У 1958-йилдан 1968-йилгача мактабда таълим олган ва илк шеърлари туман газетаси “Суръат”да чоп этилган. 1969-1974-йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини тамомлагач, Ўзбекистон телевидение ва радиоешиттириш қўмитасининг “Ватандош” радиостансиясида иш фаолиятини бошлаган.

Шарифа Салимова 1987-йилгача радиода кичик муҳаррирликдан бўлим бошлиғигача бўлган лавозимларда ишлаган. 1989-1994-йилларда “Саодат” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида бўлим мудири лавозимида фаолият юритган. Шу йилларда унинг жамият муаммоларига бағишланган публицистик мақолалари эълон қилинган.

Шарифа Салимова шунингдек, Ўзбекистон Президенти девони ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича етакчи консултанти (1998-1999), Президент девони ташкилий-кадрлар сиёсати масалалари бўйича етакчи консултанти (1999-2000), Олий Мажлиснинг Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси, депутат (2000-2005), Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, депутат (2005-2009) лавозимларида ҳам ишлаган.

Унинг дастлабки шеърий асарлари 70-йилларнинг охири ва 80-йилларда “Ҳаёт завқи” (1978) ва “Менинг баҳорим” (1987) номлари билан нашр этилган. Шоира ижодида Алишер Навоийнинг 550 йиллигига бағишланган “Хизр булоғи” (1996) достони алоҳида ўрин тутади. Унда феодал тузум даври аёлларининг фожиали қисмати тасвирланган. “Тонгга қасам” (2002) публицистик мақолалар тўпламида эса даврнинг энг долзарб масалалари ёритилган.

Шарифа Салимовага 1994-йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган. 2018-йилда эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

У рус, қозоқ, қирғиз шоираларидан таржималар қилиш билан бирга, исломшунос немис шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърларини ҳам таржима қилиб, “Оҳ, атиргул” номи билан нашрга тайёрлаган.

Бошқа китоблари: “Етти оққуш” (1991), “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” (1996), “Гиёҳлар билан тиллашиб, тоғ ошаётган одам” публицистик тўплами (2007), “Олимлик ва одамийлик” (2011), “Ватан суврати” (2011), “Вафонинг иффат йўли” (2016, Кибриё Қаҳҳорова ҳақида тўплам), “Қувноқ Алифбо” туркумида “Ҳайвонот оламига саёҳат” (2016), “Тўмарис” (2016), “Бедор тун томчилари” (2018), “Қушлар алифбоси”.

Шунингдек, у “Юракка санчилган игналар”, “Аёл бўлиш осонми?”, “Аёл жиноятга қўл урди”, “Кўнгли яримлар дунёси”, “Ёлғиз аёл: у ким?”, “Илдизларинг қайда изтироб?” ва бошқа қатор публицистик мақолаларда ижтимоий ҳаёт муаммоларини кўтарган. Депутатлик фаолияти давомида Марказий Осиё минтақаси учун оғир муаммо бўлган ёд танқислиги масаласини қонунлаштириш таклифи билан чиқиб, “Ёдланган ош тузи тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига ўз ҳиссасини қўшган.

Унинг “Қаддингни тик тут, Аёл”, “Ватан”, “Давлатли султоним менинг”, “Қўрқитар”, “Ачом-ачом қиласиз” ва бошқа шеърлари қўшиқ қилиб куйланган (Юлдуз Усмонова ижросида).

poetobituaryjournalistsharifa salimovapoliticianauthortranslatorpublic figure