Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди
Битимда белгиланишича, давлатлар фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди. Пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудига кўчган тақдирда ҳам олишда давом этади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон пенсия таъминоти бўйича келишувга эришди.
2026-йил 30-июл куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти ҳақидаги битим имзоланди.
Ушбу битим икки мамлакат ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб борган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни мақсад қилган.
Битимнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:
* Ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида тўплаган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди.
* Пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилигига асосан, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади.
* Бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудига кўчиб ўтган тақдирда ҳам олиш имконияти кафолатланади.
* Икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек, дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгилаб қўйилади.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистонда ишлаган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда икки давлат пенсия тизимлари ўртасидаги мажбуриятларни адолатли тақсимлашга хизмат қилади.

