Ўзбекистон: Геосиёсий мувозанат санъати ва янги минтақавий воқелик
Хитойларга нисбат бериладиган машҳур нақл бор: «Ўтиш даврида яшашдан Худо сақласин». Бу иборанинг аниқ манбаси

Ўзбекистон: Геосиёсий мувозанат санъати ва янги минтақавий воқелик
Хитойликларга нисбат бериладиган машҳур нақл бор: "Ўтиш даврида яшашдан Худо сақласин". Бу иборанинг аниқ манбаси баҳсли бўлса-да, унинг мазмуни бугунги дунё воқелигини жуда аниқ ифодалайди. ХХИ аср халқаро муносабатлари шунчалик мураккаблашдики, эртага нима содир бўлишини башорат қилиш тобора қийинлашмоқда. Бир томонда йирик давлатлар рақобати кучаймоқда, бошқа томонда янги иқтисодий ва технологик марказлар шаклланмоқда. Урушлар, санксиялар, савдо можаролари ва хавфсизликка оид янги таҳдидлар халқаро тизимни ўзгартириб юбормоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришганига 35 йил бўлди. Мамлакатнинг иқтисодий юксалиш ва ташқи очиқлик йўли мураккаб ва зиддиятли даврга тўғри келмоқда. Бир қарашда атрофда хавф-хатарлар кам эмас: шимолда геосиёсий рақобат, жанубда Афғонистон омили, шарқ ва ғарбда эса турли иқтисодий ва сиёсий манфаатлар тўқнашуви мавжуд. Ўзбекистон мана шундай мураккаб муҳитда мувозанатни сақлаб қола олмоқда. Хўш, бунга қандай эришмоқдамиз?
Бугунги кунда Марказий Осиё муҳим геосиёсий ҳудудлардан бири сифатида қаралмоқда. Минтақа Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи стратегик маконда жойлашган бўлиб, табиийки, йирик давлатлар ва иқтисодий марказларнинг диққат марказида турибди. Ўзбекистон мана шундай маконнинг марказида жойлашган давлатдир.
Ўзбекистон Марказий Осиёда барча қўшни давлатлар билан чегарадош бўлган ягона мамлакат бўлиб, бу ҳолат унга минтақавий интеграция жараёнларида муҳим ўрин тутиш имконини беради. Шу билан бирга, аҳоли сони, иқтисодий салоҳият ва транспорт коммуникациялари нуқтаи назаридан ҳам мамлакат минтақанинг асосий давлатларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг географик жойлашуви уни Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Туркия, АҚШ ва Яқин Шарқ давлатлари манфаатлари кесишган нуқтага айлантирган. Шу сабабли мамлакат ташқи сиёсатда бирор куч марказига ортиқча боғланиб қолмасдан, барча ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга интилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик ва амалий ҳамкорлик тамойиллари устувор аҳамият касб этди. Мамлакат Россия билан анъанавий иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, Хитой билан инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, Европа давлатлари, Туркия, Жанубий Корея, Япония ҳамда АҚШ билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлашга интилаётгани кўринади.
Бу ёндашувнинг асосий мақсади ташқи сиёсий манёвр имкониятларини кенгайтириш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишдан иборат. Геосиёсий мувозанат сиёсати Ўзбекистонга халқаро майдонда мустақил қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда.
Марказий Осиёда кейинги йилларда кузатилаётган муҳим ўзгаришлардан бири – минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайишидир. Илгари мавжуд бўлган айрим сиёсий ва иқтисодий келишмовчиликлар ўрнини мулоқот ва ўзаро ишонч эгалламоқда.
Ўзбекистон ушбу жараённинг асосий ташаббускорларидан бири сифатида намоён бўлди. Қўшни давлатлар билан чегара масалаларининг ҳал этилиши, савдо ҳажмининг ўсиши, транспорт йўлакларининг ривожланиши ва сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик минтақада янги воқеликни шакллантирмоқда.
Шу билан бирга, Афғонистондаги вазият, глобал иқтисодий беқарорлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги каби муаммолар Марказий Осиё давлатларидан янада яқин ҳамкорликни талаб қилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон минтақавий барқарорлик ва иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватловчи муҳим актор сифатида иштирок этмоқда.
Ҳозирги даврда геосиёсий рақобат нафақат ҳарбий ва сиёсий соҳада, балки иқтисодий майдонда ҳам кечмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири иқтисодий дипломатия ҳисобланади.
Мамлакат халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдони диверсификация қилишга катта эътибор қаратмоқда. Транс-Афғон темир йўли, "Шарқ-Ғарб" ва "Шимол-Жануб" транспорт йўлаклари каби лойиҳалар Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Гарчи мазкур ташаббуслар турли геосиёсий, молиявий ва бошқа омиллар туфайли кутилган суръатларда ривожланмаётган бўлса-да, уларнинг стратегик аҳамияти камайгани йўқ. Аксинча, глобал иқтисодий алоқалар қайта шаклланаётган бир пайтда ушбу транспорт йўлаклари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг жаҳон бозорлари билан боғланишида муҳим ўрин тутиши мумкин.
Мазкур лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши нафақат иқтисодий, балки геосиёсий нуқтаи назардан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Демак, уларнинг рўёбга чиқиши фақат вақт масаласи билан боғлиқ, деб айта оламиз.
Тарих шуни кўрсатадики, ўтиш даврлари давлатлар учун ҳам синов, ҳам имконият ҳисобланади. Кимдир ўзгаришлар қурбонига айланса, кимдир айнан шу ўзгаришлар орқали янги тараққиёт босқичига кўтарилади.
Бугун Ўзбекистон ана шундай тарихий чорраҳада турибди. Мамлакатнинг кўп векторли дипломатияси, қўшничилик муносабатларига таянган минтақавий сиёсати ва иқтисодий очиқлик стратегияси унга турли геосиёсий кучлар ўртасида мувозанат сақлаш имконини бермоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси айниқса ташқи сиёсатда яққол кўриняпти.
Янги минтақавий воқелик шароитида Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан бири, балки Евроосиё маконида турли манфаатларни уйғунлаштиришга қодир стратегик кўприк сифатида ҳам шаклланмоқда. Демак, мамлакатнинг келажакдаги муваффақияти айнан шу нозик геосиёсий мувозанатни қай даражада сақлаб қола олишига ҳам боғлиқ бўлади.
Зафар ҚОСИМОВ

