Ўзбекистонда сунъий интеллект хизматлари ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон сунъий интеллект хизматлари ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича тақдимотда маълум қилинди, дея хабар берди Президент ахборот агентлиги ахборот хизмати.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилган. 2030-йилга бориб мамлакатни ушбу рейтингда дунёнинг энг илғор 50 та давлати қаторига киритиш, сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Тақдимотда ўтган ойда “Рақамли ҳукумат” дата марказида ишга туширилган НВИДИА технологиялари асосидаги суперкомпютер кластерининг юкламаси бир ой ичида 90 фоизга етгани таъкидланди. Жаҳон рейтингида қуввати бўйича 321-ўринни эгаллаган ушбу ва бошқа инфратузилмалар учун ҳозиргача 24 миллион доллар йўналтирилган. Кластер қувватини ошириш мақсадида яна 70 миллион доллар ажратиш таклиф этилмоқда.
Сунъий интеллект ечимларининг самарадорлиги сифатли маълумотлар базасига бевосита боғлиқлиги қайд этилди. Шу боис вазирлик ва идоралардаги мавжуд маълумотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, соҳалар кесимида сифатли маълумотлар тўпламларини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллектга асосланган лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш вазифаси белгиланди. Шу билан бирга, ИТ-Паркда АИ йўналишида фаолият юритаётган резидентлар сонини 300 тага, кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 2 триллион сўмга ва экспортни 160 миллион долларга етказиш кутилмоқда.
Кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунга қадар 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи сунъий интеллект бўйича махсус сертификат олди. Шунингдек, 900 нафар раҳбар, 3 мингдан зиёд давлат хизматчиси, 1 минг нафар банк ходими ва 200 нафар маслаҳатчи махсус курсларда ўқитилди.
Келгуси икки йилда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш, ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва кенг аҳоли қатламлари учун замонавий ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Шу билан бирга, Нукус, Самарқанд, Термиз, Бухоро, Фарғона, Андижон, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида соҳавий хакатон ва танловлар ўтказилди. “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” танловига старт берилди. Бундай хакатонларни барча ҳудудларда ташкил этиш топширилди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари фаолияти ҳам муҳокама қилинди. 500 нафар номзод орасидан 222 нафар маслаҳатчи саралаб олинган. Ушбу лавозимларга хорижда таълим олган ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёш мутахассисларни кенг жалб қилиш, уларнинг ишини аниқ натижа ва самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш зарурлиги таъкидланди.
Маслаҳатчилар фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ва ташаббусларини мониторинг қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашга мўлжалланган алоҳида рақамли платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ВАИСО – Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотига таъсисчи давлатлардан бири сифатида аъзо бўлгани ва бу орқали йирик технологик компаниялар билан қўшма лойиҳалар бошланиши қайд этилди.
Президент мутасаддиларга ҳисоблаш қувватларини изчил ошириш, соҳаларда амалий лойиҳаларни кўпайтириш, сифатли маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ёшлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Аввалроқ Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган “Смарт Фермер” рақамли платформаси ишга туширилиши хабар қилинганди. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш хизматларига буюртма бериш, субсидияларга мурожаат қилиш ҳамда сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш имконияти яратилади.

