Маҳаллий

Ўзбекистонда энергетика соҳасида давлат тарифларини тартибга солишнинг янги тизими жорий этилди

Ўзбекистонда энергетика соҳасида давлат тарифларини тартибга солишнинг янги тизими жорий этилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Янги тартибга кўра, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва етказиб бериш, шунингдек, табиий газни транспортировка қилиш ва газ таъминоти хизматлари бўйича тартибга солинадиган тарифлар тасдиқланди. Ушбу тарифлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган бўлиб, 2026-йил 1-августдан бошлаб энергетика соҳасидаги тартибга солинадиган ташкилотлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда қўлланилади.

**Янги тарифлар қандай?**

2026-йил 1-августдан кучга кирадиган тарифлар қуйидагича:

* Электр энергиясини ишлаб чиқариш – 8 фоиз;

* Электр энергиясини узатиш – 18 фоиз;

* Электр энергиясини тақсимлаш – 4 фоиз;

* Табиий газни тақсимлаш – 28 фоиз.

Аввал эълон қилинган тарифларда эса электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 9 фоиз, узатиш учун 30 фоиз, тақсимлаш учун 10 фоиз ҳамда табиий газни тақсимлаш учун 23 фоиз кўрсаткичлари белгиланган эди. Вазирликка кўра, айрим тасдиқланган тарифларнинг аввал эълон қилинган параметрлардан фарқ қилиши давлат тарифларини тартибга солишнинг янги тизимига босқичма-босқич ўтиш ҳамда кейинги ўзгаришларни давлат бюджети сикли билан мувофиқлаштириш билан боғлиқ.

Идоралараро тариф комиссиясининг қарорида ҚҚС билан ҳисоблаганда қуйидаги нархлар белгиланган:

* “УзГасТраде”дан “Ҳудудгазтаъминот”га – 1 минг куб метр учун 1,39 млн сўм;

* “УзГасТраде”дан “Ўзтрансгаз”га – 1,6 млн сўм;

* “Ўзтрансгаз”нинг транспортировка хизмати – 195 минг сўм;

* “Ҳудудгазтаъминот”нинг транспортировка хизмати – 240 минг сўм.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш тарифлари ҳам аниқ кўрсатилган. Масалан, 1 кВт соат учун:

* “Иссиқлик электр стансиялари” – 834 сўм;

* “Талимаржон ИЕС” – 579 сўм;

* “Ангрен ИЕС” – 947 сўм;

* “Янги-Ангрен ИЕС” – 828 сўм;

* “Тошкент ИЕС” – 1 126 сўм;

* “Ўзбекгидроенерго” – 522 сўм.

**Аҳоли ва тадбиркорлар учун амалдаги тарифлар ўзгармайди**

Муҳим жиҳати шундаки, янги тарифлар аҳоли, тадбиркорлик субьектлари ва бошқа якуний истеъмолчилар учун амалдаги электр энергияси ҳамда табиий газ тарифларини ўзгартирмайди. Яъни Идоралараро тариф комиссияси тасдиқлаган янги ставкалар энергетика соҳасидаги тартибга солинадиган ташкилотларнинг ўзаро ҳисоб-китоблари учун қўлланади.

**Тарифлар РАБ методологияси асосида шакллантирилади**

Янги тизимнинг муҳим жиҳатларидан бири – тарифларни Регулаторй Ассет Басе (РАБ) методологияси асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтишдир. Ушбу методология тартибга солинадиган тарифларни корхоналарнинг тартибга солинадиган активлари қиймати, иқтисодий жиҳатдан асосланган операцион харажатлари ва инвестициялари асосида шакллантиришни назарда тутади. Бироқ бу тартиб энергетика ташкилотлари томонидан тақдим этилган барча харажатлар ва инвестициялар автоматик равишда тарифга киритилишини англатмайди. Тарифларни тасдиқлаш бўйича якуний қарорлар қонунчиликда белгиланган тартибда Идоралараро тариф комиссияси томонидан қабул қилинади.

**Тарифлар 2027-йилнинг биринчи ярмида қайта кўриб чиқилади**

Янги тизим доирасида тасдиқланган тарифларни 2027-йилнинг биринчи ярмида қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Вазирликка кўра, янги тизим энергетика корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия таъминоти ишончлилиги ва хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, давлат энергетика тарифларини ҳамда табиий монополия субьектлари фаолиятини тартибга солиш бўйича ўз ваколатларини амалдаги қонунчилик асосида сақлаб қолади.

Янги методологияни ишлаб чиқишда халқаро илғор тажриба, халқаро молия институтларининг тавсиялари ҳамда Ўзбекистон энергетика соҳасининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган. Вазирлик маълумотига кўра, янги тизим тариф шакллантириш жараёнининг шаффофлигини ошириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва энергия таъминоти ишончлилигини ошириш учун шароит яратади.

tabiiy gazo‘zbekistoninvestitsiyalarelektr energiyasienergetikamoliyaviy barqarorliktariflarrab metodologiyasi