Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уфук Улуташ билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уфук Улуташ билан учрашди.
Учрашувда томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, ўзаро сайёҳлар сонини ошириш, туроператорлар ва авиакомпаниялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ва тарғибот лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистонлик меҳмонхона соҳаси мутахассислари учун Истанбул ва Анталия шаҳарларида малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш, Каппадокия университети билан таълим ва илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида туризм ташкилотлари, туроператорлар, авиакомпаниялар, таълим муассасалари ва туризм агентликлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма форумлар, Б2Б учрашувлари ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашув якунида Туркия туризм соҳаси вакиллари 2026-йил ноябр ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасида миллий стенд билан иштирок этишга таклиф қилинди.

