Ўзбекистон ва Самара вилояти бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
7 август куни Самара шаҳрида «Ўзбекистон Республикаси ва Самара вилояти ҳамкорлигини яна-да кенгайтириш» мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Самара вилояти ўртасидаги бизнес алоқалари кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7-август куни Самара шаҳрида "Ўзбекистон Республикаси ва Самара вилояти ҳамкорлигини янада кенгайтириш" мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов, Самара вилояти Савдо-саноат палатаси раиси Валерий Фомичев, шунингдек, давлат идоралари, бизнес уюшмалари ва автомобилсозлик, машинасозлик, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш, транспорт-логистика, АКТ ва туризм каби соҳаларда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ корхона вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон ва Самара вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Одилхон Рустамов ўз нутқида 2025-йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 13 миллиард АҚШ долларига яқинлашганини, мамлакатимизда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 мингдан ошганини, шунингдек, республикада 40 дан ортиқ махсус иқтисодий зона фаолият юритаётганини таъкидлади.
Форум доирасида Ўзбекистон ва Самара вилояти Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Самара тадбиркорлари Ўзбекистоннинг Афғонистон бозорига йўналтирилган эркин иқтисодий зона имкониятларидан фойдаланишга таклиф этилди ва сентабр ойида Самара ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан келишувга эришилди.
Б2Б музокаралари якунларига кўра бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.

