Маҳаллий

Нукус жамоат транспорти учун 44 та янги автобус олиб келинди

Сўнгги икки ойда Нукус шаҳрига 44 та замонавий автобус олиб келинди. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг 32 таси “Файз Авангард”, 12 таси эса “Мангит лесторг” МЧЖ томонидан харид қилинган. Автобуслар шаҳар йўналишларида брутто-шартнома асосида ҳаракат қилади.

Нукусга жамоат транспорти тизимини янгилаш мақсадида 44 та янги автобус етказилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Сўнгги икки ой ичида Нукус шаҳрига 44 та замонавий автобус олиб келинди. Бу ҳаракат президент томонидан белгиланган вазифалар доирасида ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва транспорт паркини янгилашга қаратилган.

Хусусан, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи “Файз Авангард” МЧЖ 32 та, “Мангит лесторг” МЧЖ эса 12 та замонавий автобусни шаҳарга олиб келган.

Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу янги автобуслар шаҳарда жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз қатновни таъминлаш ҳамда транспорт тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Келтирилган автобуслар шаҳар ичидаги йўналишларга брутто-шартнома асосида жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Нукус жамоат транспорти учун илк электробуслар олиб келинган эди. “Сапсан Транс Нукус” корхонаси томонидан Хитойдан келтирилган 12 та электробуснинг умумий қиймати 24 миллиард сўмни ташкил этган.

Президент топшириғига кўра, Нукусга жами 200 та автобус олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда корхоналар томонидан уларни етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

public transportnew busestransport developmentnukuspassenger transportationurban routeselectrobusestransport services