Наҳорги ошга чиққан, ноёб қобилиятга эга бўлган ҳамда устозининг ўғлига турмушга чиққан Юлдуз Турдиева 41 ёшда

**Юлдуз Турдиева 41 ёшда: Наҳорги ошдан устоз ўғлига турмушгача бўлган машаққатли йўл**
Бугун, 10-август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева 41 ёшни қаршилади. Талабгир хонанда бу даражага осонлик билан эришмаган. У узоқ йиллар ижара уйларда яшаш қийинчиликларини бошидан кечирган ва фаолияти давомида бир нечта устоз санъаткорларнинг танбеҳларига ҳам дуч келган. Қуйида хонанданинг турли хил машаққатлар билан кечган ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
**"Қўрқоқ қиз бўлганман"**
Юлдуз Турдиева 1985-йилда Бухоро вилоятида туғилган. Оиласида санъаткорлар бўлмаганига қарамай, у болаликдан мақом қўшиқларига қизиққан. Хонанда болалиги билан боғлиқ воқеаларни шундай эслайди:
— Эрка қиз бўлганман, ота-онам нима десам ҳам, йўқ дейишмасди. Аммо ниҳоятда қўрқоқ бўлганман. Ҳатто мактабга кетаётганимда йўлимдан мушук чиқиб қолса ҳам, қўрқиб уйга қайтиб келардим. Бу одатлар ҳалигача сақланиб қолган. Шу билан бирга, ниҳоятда меҳрибон ва қўли очиқ қиз бўлганман. Онам уйимиз ёнида кичик дўконча очган. У ерда шоколад, печенье каби майда-чуйда ширинликлар ҳам сотиларди. Уларни олиб, синфдошларимга тарқатардим. Онам “Шунча шоколад қани? Нима қилдинглар?” деса, индамай тураверардим, — дейди хонанда.
**"15 ёшимгача онам ёнимда бўлган"**
Юлдуз Турдиеванинг санъаткор бўлишига қаршиликлар бўлган. Аммо уни биринчи навбатда ота-онаси қўллаб-қувватлаган.
— Санъаткор бўлса, ундай, бундай бўлади, деган гап-сўзлар ҳамиша бўлган. Шу боис яқинларим ҳамиша атрофимда бўлишга, ёмон ниятли одамлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишган. Ўн беш ёшимга қадар онам ҳамиша мен билан бирга бўлган. Ҳеч бир тадбир ёки кўрик-танловга ёлғиз юборишмасди. Кейинчалик бу вазифани акам бажарган, ҳозирги кунда эса турмуш ўртоғим мен билан бирга, — дейди хонанда.
**"Устозимнинг ўғлига кўнгил қўйганман"**
Хонанда турмуш ўртоғи билан санъат коллежида ўқигани ва қайнотасидан таҳсил олгани ҳақида сўзлаб берди.
— Турмуш ўртоғим билан тенгдошмиз, у билан Бухоро санъат коллежида бирга ўқиганмиз. Қайнотам иккимизга устозлик қилган, кейин Бухородан бирга Тошкентга келиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳужжат топширганмиз. Мен қўшиқ айтардим, турмуш ўртоғим эса довул чаларди. Аммо ҳеч қачон бу инсон билан оила қуришим ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Иккинчи курсда ўқиётганимда менга бўлган муносабатлари ўзгараётганини сезиб қолганман. Курсдошлардан рашк қилишни бошлаган. Ёзги таътил кунлари мен Тошкентда қолардим, у қайнотам билан тўй хизматларига чиқиш учун Бухорога кетарди. Икки ой мен учун ниҳоятда оғир ўтганини ҳис қилардим. Чунки Улуғбек энг яқин курсдошим ва ҳимоячим эди. Хуллас, устозимнинг ўғлига кўнгил қўйганман, дейди Юлдуз Турдиева.
**"Қишда ойнасиз ижара уйда яшаганмиз"**
Юлдуз Турдиева турмуш ўртоғи билан ўртаҳол оилада камол топган. Бундан ташқари, ўша йиллари Тошкентда доимий рўйхатда турмаган инсонларнинг яхши ишга жойлашиши ҳам муаммо эди. Хонанда ҳаётидаги энг оғир кунларни шундай эслайди:
— Турмуш ўртоғим билан Тошкентга келганимизда ҳеч нарсамиз йўқ эди. Ишонасизми, бир йил ичида 10 та ижара уйда яшашимизга тўғри келган. Шароити яхшисининг пули тўғри келмасди. Ёки пули тўғри келганининг шароити қониқарсиз даражада бўларди. Биринчи қаватдаги дераза ойнаси йўқ хонадонда яшаганимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Кимдир кириб келса, нима қиламан, деб тонг отгунга қадар ухлолмасдим. Ҳатто бундай ижара уйга ўғлимни олиб келишга қўрқиб, уни қайнонамга ташлаб келгандим. У пайтларда пропискасизларни яхши ишга олишмасди. Шу боис турмуш ўртоғим билан ишга жойлашишга қийналганмиз. Ҳатто қониқарсиз даражадаги уйни ижарага олишга ҳам пулимиз қолмаганди. Ўшанда турмуш ўртоғимнинг дўстларидан бирининг бир хонали уйига кўчиб ўтгандик. У уйда ўндан ортиқ киши яшаб, битта қозондан овқат ердик, дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
**"Мени ғолибликка ундаган ҳис — она меҳри"**
Ижара уйдаги шароит сабаб боласидан айро яшашга мажбур бўлган хонанда халқаро мусобақага катта миқдордаги мукофот пули қўйилгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолади. Оналик меҳри уни танловда иштирок этиш ва ғалаба қозонишга ундайди.
— Боламни соғиниб юрган пайтимда Озарбайжонда ўтказиладиган Байналхалқ муғом фестивали ҳақидаги эълонни ўқиб қолганман. Бош соврин учун 15 минг АҚШ доллари деган жойини ўқиб, кўзларим порлаб кетган. Ўзимча бу пулга уй сотиб олиш ҳақида режалар тузганман.
“Қорабахши” қўшиғи — Озарбайжон юраги дейиларкан. Ўзбекистон давлат консерваториясида ишлайдиган Очил Матжоновдан қўшиқни ўргатишини сўраганман. Ўн икки кун давомида консерваториядан кетмай, қўшиқни ўрганганман. 2009-йили ўтказилган муғом фестивалида ғолиб бўлиб, илк катта мукофотни қўлга киритганман. Тошкентга қайтганимдан кейин уй олиш ҳаракатига тушганман. Ҳаммаси ниятга яраша бўлар экан, ўша пайтда 15 000 АҚШ долларига шаҳар марказидан икки хонали уй берарди. Уй сотиб олиб, оилам билан унга кўчиб ўтганмиз. Бу фестивал ҳаётимга қувонч олиб кирган. Ғолиб бўлишимга эса оналик меҳри сабаб бўлган, — дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
**"Баҳодир Йўлдошевдан танбеҳ эшитганман"**
Юлдуз Турдиева “Шарқ тароналари”да қатнашган йили режиссёр Баҳодир Йўлдошевдан танбеҳ эшитгани ва йиғлаб юборган кунларини шундай эслайди:
— “Шарқ тароналари” фестивалига тайёргарлик бир неча ой давом этарди. Илк марта қатнашган йилим бир инсон келиб, фарзандининг тўйида иштирок этишимни қаттиқ илтимос қилган. “Йўқ, бу ердан кетолмайман”, деганман. Аммо у инсон ҳам оёқ тираб туриб олган. Охири репитиция бўлмайдиган вақтга тўйни тўғрилаб, бориб келишни режа қилганмиз. Аксига олиб, ўша вақтда режиссёр Баҳодир Йўлдошев мени излаб қолган экан. Тўйга кетганим ҳақида эшитиб, роса жаҳли чиққан. Менга қаттиқ танбеҳ бериб, фестивалдан ҳам четлаштирмоқчи бўлган. Йиғлаб вазиятни тушунтирганим ҳам фойда бермаган. Фақатгина эртаси куни “Майли, бу сенга охирги огоҳлантириш” деган, дейди хонанда.
**"Сиз турмуш ўртоғингиздан кўп пул топасиз"**
Юлдуз Турдиева турмуш ўртоғи нега созандалик қилмаётгани ва унга нисбатан негатив фикр билдирадиган инсонларга шундай жавоб берган:
— Илгари тўй ва консертларда турмуш ўртоғим созандалик қиларди. У профессионал ва ўз касбини севадиган инсон эди. Аммо оила қурганимиздан кейин маъмурлик ва созандалик қилиш уни бироз чарчатиб қўйди. Шундан кейин “Улуғбек, сиз созандалик қилмай, ёнимда бўлсангиз бўлди”, дедим. Чунки маъмурликнинг ҳам бош оғриқлари кўп. “Сиз турмуш ўртоғингиздан кўп пул топасиз”, деб унга нисбатан негатив фикр билдираётганлардан ранжийман. Чунки одамлар билан ишлаш қийин, агар у маъмурлик қилмаганида, мен бемалол қўшиқ айтолмаган бўлардим, — дейди Юлдуз Турдиева.
**"Бошқа санъаткорларнинг қўшиғини куйлаб, жарима тўлаганман"**
— Бир неча йил аввал “Наво” телеканалининг бир қанча жонли ижро кўрсатувларида чиқиб, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева ҳамда марҳум халқ артисти Ортиқ Отажоновларнинг ретро қўшиқларини куйлаган эдик. Бир куни мени чақиришиб, кўрсатувда жонли ижрода айтган қўшиғим учун жарима тўлашим кераклигини айтишди. Бунга сабаб, қўшиқ сўзларини хато айтганим ва ижро этиш учун шоирдан рухсат сўрамаганим экан. Бу бир неча йил аввалги кўрсатув эканини, ўзлари рухсат берганликларини айцам ҳам, “сўзларни хато айтиб, маънавий зарар етказгансиз”, дейишди. Хўп, майли, деб жаримани тўладим. Ҳозир ҳам каналлардан ретро қўшиқларни куйлаш учун чақириб туришади, лекин энди ҳеч қайси хонанданинг қўшиғини куйламаяпман.
Бундан ташқари, баъзи санъаткорлар билан ҳам тушунмовчилик ҳолатлари бўлган. Ўзлари ҳурмат қилиб, битта қўшиқларини ижро этишга беришган эди. Тарона менинг талқинимда чиройли чиққанидан сўнг англашилмовчиликлар келиб чиқди. У ижодкорни ҳам тушунаман, қўшиғидан умиди катта бўлган. Лекин биргина кичик ҳолат кутилмаган натижаларни келтириб чиқарди. Бу воқеа консертим арафасида содир бўлгани учун бирор муаммо чиқмасин деб, ўшанда 60 миллион сўм жарима тўлашга мажбур бўлганман.
**"Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековга раҳмат айтаман"**
— Тўй хизматларида, фотиҳа маросимларида Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини ҳам ижро қилиб тураман. Одамлар уларнинг қўшиқларини яхши кўришади, севиб эшитишади. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага алоҳида раҳмат айтаман, у киши ҳеч қачон қўшиқларини қизғанмаган. Ҳаттоки, ўзлари “қизим, овозинг борида ҳамма қўшиқларимни куйла”, деган. Озодбек Назарбеков ҳам қўшиқларини ҳеч қачон қизғанмаган.
**"Наҳорги ош тадбирларига чиқишдан Зулайҳо Бойхонова тўхтатган"**
— Авваллари Самарқанд ва Ургутда саҳарлаб наҳорги ошларга хизматга чиқардим. Бу тадбирлар тонг саҳардан соат ўн икки-бир, баъзан иккигача ҳам давом этарди. Жонли ижрода классик қўшиқлар, лапарлар айтардим. Ошга чиқишни тўхтатишимга Зулайҳо Бойхонова сабаб бўлган.
Опа билан Тошкентда тўй хизматида бирга бўлган пайтимизда, эртаси куни соат бешда бошланадиган “ош”га шошилаётганимни айтдим. Зулайҳо опа аввалига менга ҳайрон бўлиб қаради. “Юлдуз, ошга чиқма. Ё тўйларда хизмат қил, ёки ошда. Бу кетишда 5-10 йилдан кейин соғлигингда жиддий муаммолар пайдо бўлади”, деб маслаҳат берган. Мақом йўналиши бўйича таҳсил олганман, уларни куйлашни жуда яхши кўраман. Тўйларда кўпинча шўх, тўйбоп қўшиқлар сўрашади, шунинг учун ўзбек классик, ретро қўшиқларни фақатгина наҳорги ошларда ижро этолардим. Лекин Зулайҳо опанинг маслаҳатларидан сўнг буни ҳам бутунлай тўхтатганман.
**Хонанданинг ноёб қобилияти ҳақида**
— Болалигимда акам бехосдан тангаларни юз-қўлларимга қўйганида, улар қўйилган жойида ёпишиб қоларди. Гоҳида онамнинг ёки фарзандларимнинг оёқларини уқалаб қўйсам, қандайдир шифо топишади. Кичкиналигимда газеталарда менинг мана шу биотоким ҳақида ёзишган эди. Шундан сўнг маҳалламизда буни эшитган, билганлар бош оғриғини ёки яна қандайдир оғриқларидан қутулиш умидида уйимизга келишарди. Ёшим катта бўлгандан кейин одамлардан уялишни бошладим ва буни бутунлай тўхтатдим, дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
**Юлдуз Турдиева ҳаётини Инстаграмъсиз тасаввур қила оладими?**
— Менимча, ҳозирги кунда ҳеч ким ҳаётини ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилолмайди. Мен иш юзасидан хорижлик продюсерлар билан ҳам ҳамкорлик қиламан, чет элларда консертлар ташкил этамиз. Масалан, европаликлар учун кечалари мақом консертлари уюштирамиз. Худди шундай, бошқа давлатларда ҳам мухлисларимиз учун дастурлар тайёрлаймиз. Инстаграм орқали барча тўй-тантаналар, бошқа давлатлардаги консерт дастурларини ўтказиш бўйича таклифларни қабул қиламан. Шундай экан, нима учун Инстаграмъдан воз кечишим керак, дейди хонанда.

