Муҳаббат вазни: смайликми ёки мактуб?
Ўша пайтлар мактублар шунчаки қоғоз эмасди. Улар ошиқ қалбларнинг тирик гувоҳи эди. Ҳар бир сатрида

**Муҳаббатнинг оғирлиги: Смайликми ёки мактуб?**
Йигит телефонини олиб, таваккал қилиб, севган қизига юракча смайлигини юборди. Ҳар бир сония унинг сабрини синарди. Кутишдан толиққач, сўроқ белгисини жўнатди. Бироз вақт ўтиб, ичидаги безовталик ва ғазабни яширолмай, жиғибийрон смайликни ҳам йўллади. Ахир, бунча кутишга қандай чидаш мумкин эди?
Аммо биз вояга етган даврда муҳаббатнинг ўлчови смайликлар эмасди. Ўша пайтларда битта хат ёзиш учун бир кеча уйқудан кечилар, жавобни кутиш учун эса кунлар, ҳатто ҳафталар сабр билан ўтарди. Бу 90-йилларнинг охирги нафаси эди. Қимматчилик мактаб ҳаётини ҳам четлаб ўтмаганди. Биз ўша давр болалари тежамкорликнинг ҳақиқий мактабини ўтаганмиз. Биттагина дафтар икки қисмга бўлиниб, икки хил фаннинг юкини кўтарарди. Назорат иши ёки иншо пайти эса ҳақиқий синов бошланарди.
— Илтимос, биттагина варақ бер...
— Дафтаринг орасида ортиқчаси йўқми?..
Бу илтижолар синфнинг тўрт томонидан эшитилиб турарди. Аммо инсон қалби қизиқ яратилган. У энг оғир кунларда ҳам гўзалликка интилади. Дарс учун варақ тополмаган ўша йигитлар севган қизларига мактуб ёзишга келганда қаердандир оппоқ, энг сифатли қоғозларни топиб келишарди. Чўнтаклар қашшоқ эди, аммо қалблар бой, туйғулар эса беғубор ва самимий эди.
Мен эса қалбимдаги энг катта сирни ичимга ютиб, мактабдошим Ноилага мактуб ёзишга журъат қилолмай тўрт ой юрдим. Ноила узоқ шаҳардан мактабимизга келган куниёқ гўё бутун мактабни сеҳрлаб қўйгандек бўлди. Биринчи кунданоқ деярли барча йигитлар унинг соҳибжамол ҳуснига маҳлиё бўлишди. Шундан кейин мактублар ёзилди, аммо уларни қизга топширишга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди.
Ўша пайтларда севги изҳор қилишнинг ҳам ўзига хос қоидалари бор эди. Кимдир хатини қизнинг синфдоши орқали етказар, бошқаси энг яқин дугонасининг кўнглини олишга ҳаракат қиларди. Баъзан бу махфий "операция"га қариндошлар ҳам аралашиб кетарди. Бу оддий хат алмашиш эмас, балки икки қалб ўртасидаги нозик, ширин ва беозор кураш эди.
Биз ҳали бир оғиз ҳам гаплашмаган эдик. Аммо сукут сақлаган жойда нигоҳлар сўзлашарди. У баъзан менга жуда узоқ, эришиб бўлмас бир оламдан қарагандек туюларди. Гоҳида эса кўзларида енгил гина билан аралаш илиқ табассум ҳам жилва қиларди. Ана шу нигоҳлар менга журъат бағишлади. Ниҳоят, унга мактуб ёзишга қарор қилдим.
Энди режани амалга ошириш керак эди. Мактабда тушлик қилиш учун йиғиб юрган бор пулимни олдим-да, тўғри Мамараим аканинг дўконига югурдим. У ердан оппоқ варақли дафтар, хатни безаш учун турли рангли фломастерлар ва энг муҳими, бир шиша хушбўй атир сотиб олдим.
Ахир ўша даврнинг ёзилмаган қонунлари бор эди. Муҳаббат мактуби шунчаки ёзилмасди. У чиройли безалиши, варақларидан эса хушбўй атирнинг нафис иси уфуриб туриши шарт эди.
Уйга қайтгач, умримдаги энг масъулиятли ишга киришдим. Аввал синфдошим Аҳрордан энг таъсирли қўшиқлар ёзилган аудиокассетани олдим. Магнитофондан таралаётган маҳзун куйлар хаёлларимни романтик бир оламга етаклади. Хона эшигини ичкаридан қулфлаб, гўё бутун дунёдан узилдим.
Қоғозга илк сатрларни туширар эканман, луғатимдаги энг нозик, энг гўзал сўзларни излар, қалбимдаги барча туйғуларни шу бир вараққа жойлашга ҳаракат қилардим. Бироқ бу осон эмасди. Мен бутун тунни ўша бир варақ қаршисида ўтказдим. Бир сатрни ёзиб ўчирардим, бошқасини бошлаб яна йиртардим. Хонамнинг бир бурчагида ғижимланган юзлаб варақлар йиғилиб қолди. Ҳисларимни сўзларга сиғдириш жуда мушкул эди. Ниҳоят, тун пардаси чекиниб, тонг шабадаси хонамга кириб келганида, чарчоқ ва ҳаяжондан титраган қўлларим билан кўнглимдаги энг самимий мактубни ёзиб тугатдим. Мактубга енгилгина атир сепдим. Энди уни эгасига етказиш қолганди. Шунда хаёлимга синфдошим Хулкар келди. Бу нозик ишни фақат у уддалай оларди. Лекин мактубни унга берсам, ойлар давомида сақлаб келган сирларим ҳам ошкор бўларди. Барибир унга ишондим. Хатни қўлига тутқазиб, Ноилага албатта етказишини илтимос қилдим. Ўша лаҳзада менинг бутун дунёйим Хулкарнинг қўлидаги хушбўй мактубга боғланиб қолганди.
Ўша кун вақт атайлаб тўхтаб қолгандек туюлди. Эртаси тонгда ҳаяжон билан мактабга келдим. Аммо Хулкар дарсга келмаган экан. Энг ёмони, Ноилани ҳам кўролмадим. Навбатдаги кун эса якшанба... Севган инсон учун якшанбанинг нақадар узун кун эканини ўшанда англаганман. Душанбагача бўлган икки кун мен учун бутун бир асрдек ўтди. Хаёлан мактубимдаги ҳар бир жумлани қайта ўқир, "Бу сўзни бошқачароқ ёзсам бўларкан", дея ўзимни ўйлар эдим. Ўша пайтларда бутун ҳаётимнинг маъноси битта нарсага — Ноиладан жавоб олишга айланиб қолганди.
Бутун дунё гўё шу жавобга боғланиб қолган эди. Ниҳоят, интизорлик билан кутилган душанба ҳам етиб келди. Мен мактабга худди қанот боғлагандек учиб бордим. Ортимдан:
— Болам, ҳеч бўлмаса чойингни ичиб кет! — дея чақирган онамнинг овози ҳам секин эшитилди.
Мактаб ҳовлисида Хулкарни пойлай бошладим. У ниҳоят кўринди. Мен унинг юзидан бирор ишора излардим. У ёнимга келди-да, қўлимга кичик бир қоғозни тутқазди.
— Ана, кутган жавобинг. Лекин мендан катта қарздорсан, — деди кулиб.
Мен ҳеч кимни кўрмай, мактабнинг энг хилват бурчагига югурдим. Қўлларим титраб, қоғозни очдим. Менинг бутун тун юрагимни тўкиб ёзган дил изҳоримга жавобан у ерга атиги икки сўз битилган эди:
"Ўйлаб кўраман".
Бугун эслаб, мен ўша икки сўз қаршисида ҳаёт ва бахт ҳақида узоқ ўй сурдим...
Ўша пайтлар мактублар шунчаки қоғоз эмасди. Улар ошиқ қалбларнинг тирик гувоҳи эди. Ҳар бир сатрида интизорлик, ҳар бир ҳарфида андиша, ҳар бир нуқтасида ҳаяжон яшарди. Уларда атир ҳиди ҳам бор эди, титраган қўлларнинг ҳарорати ҳам. Бугун эса замон суръати ўша сеҳрни биздан тортиб олгандек. Энди одамлар экран ортидан севишади. Ҳиссиётларини рангли пиктограммалар, смайликлар ва қисқа хабарлар билан ифодалашади. Бу изҳорларда на атирнинг иси бор, на тун бўйи бедор қолган қалбнинг изтироби. Шунда баъзан ўйлаб қоламан: муҳаббатнинг қадр-қиммати ҳам унинг қандай изҳор қилинишига боғлиқ эмасмикан? Бир тун уйқудан кечиб, юзлаб варақларни ғижимлаб ёзилган хатнинг қадри бошқа эди, бугунги бир лаҳзалик "хабарлар"нинг баҳоси бошқа. Муҳаббат ўз изҳори қадар арзонлашиб бораётгандек гўё...

