Можтаба Хоманаий акс этган илк видео эълон қилинди

**Можтаба Хоманаийнинг илк видеоси эълон қилинди**
Эрон олий раҳбари Можтаба Хоманаий иштирокидаги биринчи видео тасвир Меҳр ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди. 8-август куни тарқатилган ушбу видеода Можтаба Хоманаий бир гуруҳ шахслар билан суҳбатлашаётгани акс этган. Бироқ, видеонинг қачон ва қаерда суратга олингани, шунингдек, кадрдаги шахсларнинг кимлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Ушбу видео Можтаба Хоманаийнинг соғлиғи борасидаги турли тахминларни рад этиш мақсадида эълон қилинган бўлиши мумкин. У 28-феврал куни АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида вафот этган отаси, Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўрнини эгаллаган эди. Ҳужумларда олган жароҳатлари ва хавфсизлик сабабли Можтаба Хоманаий ҳозиргача жамоатчиликка кўриниш бермаган эди.
У июл ойида отасининг дафн маросимида ҳам иштирок этмади. Дафн маросимида Хоманаийнинг уч ўғли – Мустафо, Мейсам ва Масъуд кўриниш берган эди. Марҳум раҳбар 10-июлга ўтар кечаси Имом Ризо мақбарасида дафн этилган.
Ҳозирда АҚШ ва Исроил разведка хизматлари Можтаба Хоманаийнинг жойлашувини, тирик ёки йўқлигини аниқлаш устида ишламоқда. Таъкидланишича, олий раҳбар тахминан 150 кундан бери телефондан фойдаланмаган, компютер ишлатмаган ва махфий бошпанада яшириниб келмоқда.
“Можтаба телефондан фойдаланмаётган бўлиши мумкин, унда алоқанинг бошқа усуллари, масалан, кичик қоғоз парчалари бор”, деган “Моссад” бўлимининг собиқ раҳбари Рами Игра.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати олий раҳбарга ахборот етказишда кўп қатламли курьерлар тармоғидан фойдаланади. Курьерлар мактубнинг моҳиятини билмаган ҳолда, уни фақат қўлдан қўлга етказади. Игра Эрон олий раҳбари билан алоқага чиқишнинг ягона реал йўли у билан алоқада бўлган агентни ёллаш эканини таъкидлаган. Бироқ, Хоманаийнинг атрофидаги ҳар бир шахс ўта қаттиқ текширувдан ўтказилади.
7-август куни Исроил оммавий ахборот воситалари Можтаба Хоманаий “ўта оғир аҳволда” экани ҳақида хабар берганди. Унинг ҳозирги яшаш жойи ва мамлакатни бошқариш салоҳияти шубҳа остига олинган. Можтаба Хоманаийдан видеомурожаатлар ва овозли хабарлар йўқлигига қарамай, унинг баёнотлари Эрон давлат агентликлари томонидан тарқатилмоқда.

