Марказий Осиё мамлакатлари Сирдарёда сув ресурслари ҳисобини автоматлаштириш режасини ишлаб чиқишни маъқуллади

Марказий Осиё мамлакатлари Сирдарёдаги сув ресурсларини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича режа ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, 7-август куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 94-йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда сентябр ойи охирига қадар иштирокчи давлатлар вакилларидан иборат ищи гуруҳ тузилиши кутилмоқда. Ушбу гуруҳ Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини автоматик ҳисобга олиш тизимини кенгайтириш бўйича иш режасини тайёрлайди.
Шунингдек, йиғилишда 2026-йилги вегетация даври учун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув олиш лимитлари ҳамда сув омборларининг иш режими муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, 1-апрелдан буён Шардара сув омборига қарийб 3 миллиард куб метр сув келиб тушган, бу ўтган йилги ва кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан юқори. Ҳозирда Сирдарё ҳавзасидаги вазият барқарор деб баҳоланмоқда.
Томонлар сувдан самарали фойдаланиш, белгиланган лимитларга риоя қилиш ва давлатлар ўртасида сувга оид маълумот алмашинувини яхшилаш зарурлигини таъкидладилар.
Хабарда айтилишича, "Асосий масалалардан бири Сирдарё ҳавзасида сув ҳисобини автоматлаштириш бўлди. Бу йўналишда иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва сентябр ойи охирига қадар иштирокчи давлатлар вакилларидан иборат ищи гуруҳ тузишга келишилди".
Шу куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сув муносабатлари бўйича Қўшма ищи комиссиянинг йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда икки давлат ҳудудида жойлашган 10 та гидропостни автоматлаштириш лойиҳаси кўриб чиқилди. Томонлар лойиҳани якунлаш учун грант маблағларини жалб қилишни тезлаштириш ва кейинчалик автоматлаштирилган сув ҳисобини Сирдарё ҳавзасидаги бошқа обьектларга ҳам жорий этиш имкониятини ўрганишга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон "Баҳри Тожик" сув омборининг 2026-йил июн—август ойлари учун иш режимини келишиб олган эди. Декабр ойида эса Марказий Осиё сув хўжалигини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси 2025-2026-йилларнинг вегетациядан ташқари даврида сув олиш лимитлари ва сув омборларининг иш тартибини келишиб олди. Унга кўра, 2026-йилда Ўзбекистон Амударёдан 22 миллиард куб метр, Сирдарёдан 3 347 миллиард куб метр сув олади.

