Малайзияда 14 ёшли бола 40 йилга қамалиши мумкин

Малайзияда 14 ёшли ўсмир мактабдош қизни бир неча бор пичоқлаб ўлдирганликда айбланмоқда. Агар у айбдор деб топилса, 30 йилдан 40 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва қамчиланиши мумкин. Бу ҳақда ББС хабар берди.
Жиноят 2025-йил октябр ойида Куала Лумпур чеккасидаги мактабда содир бўлган. 16 ёшли Яп Шинг Хуен мактаб ҳожатхонасида бир нечта пичоқ жароҳатлари билан ўлик ҳолда топилган. Ўша пайтда 14 ёш бўлган гумонланувчи ўсмир айбини тан олмаган. Агар у айбдор деб топилса, 40 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Воқеадан сўнг полиция ижтимоий тармоқлар ўсмирнинг хатти-ҳаракатига таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ҳибсга олганида ёнидан хат топилган. Хатнинг тахминий мазмуни ижтимоий тармоқларнинг ушбу жиноятдаги эҳтимолий роли ҳақидаги муҳокамаларни янада кучайтирди.
Малайзия қонунчилигига кўра, гумонланувчи вояга етмагани сабабли унинг шахсини ошкор қилиш тақиқланади. Шунингдек, у ўсмир бўлгани учун ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин эмас. Мамлакатда жиноий жавобгарлик ёши 10 ёшдан бошланади.
2025-йилда бош вазир Анвар Иброҳимдан ушбу ҳодиса ва мактабларда кузатилаётган зўравонлик ҳолатлари ҳақида сўралганди. У деярли барча муаммолар мобил телефонлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ эканини айтган. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун янада қатъий чоралар кўришга ваъда берган.
Шундан сўнг расмийлар болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг зарарли онлайн контент таъсирига тушишини чеклашга қаратилган янги қоидаларни жорий этди. Июн ойидан бошлаб Малайзияда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очиш тақиқланди.

