Спорт

Маҳаллада спорт тўгараги ташкил этган тренерлар рағбатлантирилади

Маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган ҳолда ўзини ўзи банд қилган тренерлар ҳар йили 20 августга қадар спорт мактабларига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Улар ижтимоий буюртмаларни бажариш шарти билан спорт мактаби тренери учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорида ҳар ой рағбатлантириб борилади.

Маҳаллаларда спорт тўгараклари очган мураббийлар рағбатлантирилади.

Ҳукуматнинг янги қарори билан “Маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган ҳолда ўзини ўзи банд қилган тренерларни спорт мактабига бириктириш ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Ушбу низомга кўра, маҳаллаларда спорт тўгараклари ташкил этиб, ўзини ўзи банд қилган мураббийлар ҳар йили 20-августга қадар ихтиёрий равишда спорт мактабларига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Аризада қуйидаги маълумотлар аниқ кўрсатилиши шарт:

* Маҳаллада ташкил этилган спорт тўгарагининг манзили, спорт иншоотининг майдони ва сиғими;

* Спорт тўгарагида мавжуд бўлган спорт турлари (йўналишлари);

* Спорт тўгарагида шуғулланаётган спортчилар ҳақидаги маълумотлар;

* Тренерлик фаолияти бўйича малака оширганликни тасдиқловчи сертификат.

Спорт мактаби аризани қабул қилиб олгандан сўнг 5 иш куни ичида уни кўриб чиқади ва мураббийларни спорт мактабига бириктиради.

Ҳар бир туман (шаҳар)даги спорт мактаби кўпи билан 5 нафаргача мураббийни бириктириш ҳуқуқига эга.

Бириктирилган мураббийлар қуйидаги ижтимоий буюртмани бажариш шарти билан ҳар ойда спорт мактаби мураббийи учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорида рағбатлантириб борилади:

* Ваколатли орган томонидан белгиланган миқдор ва меъёрлар асосида спортчиларни тайёрлаш;

* Спортчиларни “ЭРП спорт” тизимида рўйхатдан ўтказиш;

* Спортчиларнинг кунлик давоматини “Фасе ИД” тизими орқали электрон тарзда доимий киритиб бориш.

government decreeincentivesyouth sportscoachessports developmentsports clubsself-employmentsports schools