Технология

Лихтенштейнда йирик киберҳужум: 31 минг кишининг маълумоти ўғирланди

Лихтенштейнда содир бўлган йирик киберҳужум натижасида 31 минг кишининг шахсий маълумотлари ўғирланди, деб хабар берди Деуцче Велле.

Номаълум шахслар компаниялар, жамғармалар ва трастлар вакилларига оид маълумотларни сақловчи “Иқтисодий ваколатли шахслар реестри” (ВвбП) тизимига бузиб киришган. Ҳозирда LLV.li сайтида жойлашган ушбу реестр фойдаланувчилар учун ёпиқ бўлиб, сайтда “техник хизмат кўрсатиш ишлари” олиб борилаётгани кўрсатилган.

Ҳукумат баёнотида айтилишича, “ҳозирча мавжуд маълумотларга кўра, тизимдаги маълумотлар ўзгартирилгани ёки ўчириб юборилганини кўрсатувчи ҳеч қандай аломат йўқ”.

Дастлабки маълумотларга кўра, кибержиноятчилар 30-июл куни ВвбП тизимига ноқонуний кириш ҳуқуқини қўлга киритган. 31-июл куни ҳукуматга киберҳужум ҳақида хабар берилган. 1-август куни эса дастлабки тергов натижалари тақдим этилган ва ҳукумат инқирозга қарши штаб тузилганини расман эълон қилган. ДПА агентлигининг маълумотига кўра, ушбу штабга бош вазир Бригитте Ҳаас ҳамда адлия вазири Эмануел Шедлер бощилик қилмоқда.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, ВвбП реестри жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш мақсадида юритилади. Ҳозирда кибержиноятчиларнинг мақсади ва ҳужум сабаблари номаълум.

Тахминан 41 минг аҳоли яшайдиган Лихтенштейн аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг энг бой давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиётида молиявий ва банк хизматлари энг даромадли соҳалардан саналади.

Маълумот учун, апрел ойида ҳакерлар Шри Ланканинг Австралияга қайтараётган 2,5 миллион доллар қарзини ўғирлагани маълум бўлганди. Бу маблағ Австралияга тўланиши керак бўлган икки томонлама қарзнинг бир қисми бўлиб, 2025-йил сентябр ойида берилиши керак эди. Шри Ланка Молия вазирлиги котиби Ҳаршана Сурияпперуманинг сўзларига кўра, “Шри Ланка тегишли тўловларни амалга оширган бўлса-да, кибержиноятчилар аралашиб, маблағларни мақсадли қабул қилувчи ўрнига бошқа банк ҳисоб рақамларига йўналтириб юборган”.

cyberattackgovernment responsecybercrimefinancial servicespersonal dataliechtensteindata theft"economic authorized persons register"