Маҳаллий

Латвияга ишлагани борадиган ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун янги тизим ташкил этилиши мумкин

Латвия томони ҳайдовчиларни ушбу мамлакатга жўнатишдан аввал уларни латвиялик мутахассислар иштирокида Ўзбекистонда тайёрлаш ва Латвия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун синовларни шу ернинг ўзида ташкил этиш учун Миграция агентлигидан амалий кўмак сўради.

Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Латвияга ишлашга бориши учун янги тизим жорий этилиши мумкин.

Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гирс Яунземс ҳамда мингдан ортиқ ўзбекистонлик ишлаётган Латвиянинг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири – “Креисс” раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Латвия томони ҳайдовчиларни ушбу мамлакатга жўнатишдан аввал уларни латвиялик мутахассислар иштирокида Ўзбекистонда тайёрлаш ҳамда Латвия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун зарур синовларни шу ернинг ўзида ташкил этиш мақсадида Миграция агентлигидан ўқув полигони, синф хоналари ҳамда зарур инфратузилмани яратишда амалий кўмак сўради.

Бу орқали ҳайдовчилар Латвияга боргач бир ойдан ортиқ давом этадиган мажбурий тайёргарлик курсларини ўташ эҳтиёжи камаяди. Натижада ишни тезроқ бошлаш, ортиқча харажат ва вақт йўқотишнинг олди олинади.

Шунингдек, компания мақсадли тайёрланган мутахассисларнинг меҳнат шартномасига қатъий риоя қилиши муҳимлигини таъкидлади. Қайд этилишича, айрим ҳолларда ходимларни тайёрлашга сарфланган маблағларга қарамасдан, уларнинг бошқа иш берувчиларга ўтиб кетиши ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Учрашув якунига кўра, “Креисс” компанияси ўқув-синов маркази учун техник талабларни тақдим этади, Миграция агентлиги Тошкент вилоятида полигон ва зарур инфратузилмани жойлаштириш имкониятларини ишлаб чиқади. Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ҳукуматлараро келишув лойиҳаси тайёрланади.

uzbekistaninternational cooperationemploymentlabor migrationlatviadriver trainingskilled workerskreiss