Иқтисодиёт

Колонка. Пештахтами ёки бозор — Тошкент халқаро молия марказидан нималар кутиляпти?

Нега айрим молия марказлари янги Дубайга айланади-ю, бошқалари чиройли пешлавҳа илинган обод даҳалигича қолиб кетади? Жавоб деярли доим бир нарсага бориб тақалади — ишонч. Ҳуқуқшунос Диёр Исломбеков — Тошкент халқаро молия марказини инвесторлар ишончини қозонган бозорга айлантириш йўллари ҳақида.

**Колонка: Пештахтами ёки бозор – Тошкент халқаро молия марказидан нималар кутилмоқда?**

**Муаллиф:** Диёр Исломбеков, Сентил юридик фирмасининг “Капитал бозорлари ва корпоратив молия” амалиёти раҳбари

Президент июл ойида Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолади, бу Ўзбекистон учун сўнгги ўн йилликнинг энг йирик иқтисодий лойиҳасига айланди. Бироқ, қонуннинг имзоланиши фақат бошланғич нуқта, чунки бундай лойиҳаларнинг муваффақияти қонун қабул қилинган пайтда эмас, балки унинг амалда қўлланиш даврида ҳал бўлади. Нима учун баъзи молия марказлари янги Дубайга айланади-ю, бошқалари шунчаки "халқаро" мақомига эга обод даҳалигича қолиб кетади? Жавоб деярли ҳар доим битта сўзга бориб тақалади: "ишонч". Тошкент лойиҳаси ҳақидаги суҳбатни ҳам айнан шу тушунча атрофида қуриш мақсадга мувофиқ.

Халқаро молия маркази, Чорсу бозорига ўхшаб, бозор мантиғи асосида қурилган уюшган капитал бозоридир. Бу бозорда пулнинг ўзи товар сифатида майдонга чиқади. Оддий бозордан фарқи шундаки, у ерда харидор маҳсулотни қўл билан ушлаб кўриши мумкин бўлса, инвестор қарзни қайтариш, фойдани бўлишиш, низони одилона ҳал этиш каби ваъдаларни кўриб, сотиб олади. Ваъдалар савдоси фақат уларнинг бажарилишига бўлган ишончга таянади. Шу боис ҳар қандай молия маркази тўлдирадиган ҳақиқий танқислик пул ёки ғоялар эмас, балки синовдан ўтган ишончдир.

Шундан келиб чиқиб, асосий савол туғилади: Тошкентдаги марказ шунчаки пештахта, яъни чиройли пешлавҳа илинган, фақат сўздаги мақсадларга эга гўзал мавзе эмас, балки инвесторлар ишонадиган ҳақиқий бозорга айланиши учун нима қилиш керак? Жавобларни учта йўналишда излаш лозим: ишонч қандай қозонилади, марказ орқали нималарни сотиш мумкин ва марказнинг илғор тажрибалари ундан ташқарида ҳам татбиқ этиладими?

**Ишончни шакллантириш**

Ишончни шакллантириш асосий хавотирни бартараф этишдан бошланади. Посцовет ҳудудида бу хавотир солиқлар билан боғлиқ эмас – уларни ҳисоблаб чиқиш мумкин. Асосий хавотир бу ерда илдиз отган тадбиркорлик низоларини жиноий масалага айлантириш одати билан боғлиқ. Масалан, тижорий масалалардаги келишмовчиликлар баъзан тинтувлар, ҳисобварақларнинг музлатилиши ва охир-оқибат ҳужжатларга эмас, солиқ тўловчининг эркига дахлдор саволлар билан якунланади. Инвесторлар ўнлаб йиллар давомида айнан шундан қўрқиб келган.

Бундай хавф сақланиб турар экан, ҳар қандай ваъданинг баҳоси паст бўлади, зеро унинг ижроси шартномага эмас, вазиятга боғлиқ. Бу ўринда имтиёзлар ҳам ожизлик қилади, чунки улар харажатларни камайтиради, лекин бизнес тақдири борасидаги хавотирни бартараф этолмайди.

Марказнинг бундай хавф-хатарга илк жавоби “ТХММ тўғрисида”ги қонуннинг бир қарашда камтарона кўринадиган 14-моддаси бўлди. Унга кўра, агар валюта, солиқ ёки божхона қоидаларининг бузилиши моҳиятан тижорий низо ҳисобланса, марказ органлари аввало фуқаролик-ҳуқуқий ва маъмурий механизмларни ишга солиши шарт. Улар жиноий иш қўзғатиш учун материалларни тақдим этмайди. Шу боис инвесторга берилган ваъда халқаро бизнес учун тушунарли бўлган шартномавий муносабатлар доирасида қолади. Фойдани эркин олиб чиқиш ва иштирокчиларни умумий валюта тартибидан озод этиш билан бирга (бу қоидаларни марказ Марказий банк билан биргаликда белгилайди (17-модда)), ушбу меъёр минтақанинг асосий хавотирини бошқариладиган рискка айлантиради.

Бироқ қонунда қайд этилган ваъданинг ўзи ҳам кафолатга муҳтож. Қонун бу вазифани Марказнинг ўз судига юклайди. Тошкент халқаро тижорат суди ҳар қандай давлатдан судяларни тайинлай олади, унинг қарорлари республика бўйлаб миллий судларнинг ҳужжатлари билан бир қаторда ижро этилади ва ҳар бир қарор 30 кун ичида эълон қилиниши шарт (29-модда). Яъни, бу ерда ишонч шунчаки эълон қилинмайди, балки амалда намойиш этилади: ҳар қандай инвестор ўз низосини ишониб топширишдан аввал, суд бошқа бир низони қандай ҳал этганини кўра олади. Олий Мажлис Сенати қонуннинг биринчи таҳририни такомиллаштириш учун қайтаргани, бунинг натижасида суднинг ваколатлари кучайтирилгани лойиҳанинг жиддийлигидан далолат беради. Остона тажрибаси эса бундай юрисдиксияга талаб борлигини кўрсатади – унинг суди ва арбитражи фаолияти давомида 4900 дан ортиқ ишни кўриб чиққан.

Айни пайтда, қонуннинг қабул қилинишининг ўзиёқ инвесторлар ишончини кафолатлайди, деб айтишга ҳали эрта. Бир ҳудудда икки ҳуқуқий тартиботнинг ёнма-ён мавжуд бўлиши бошланишида ҳуқуқий зиддиятларни (коллизияларни) муқаррар равишда келтириб чиқаради. Қонунда ҳуқуқ манбалари иерархиясини (8-модда), қарорларнинг ўзаро ижро этилишини ҳамда марказ кафолатларини ташқи ҳужжатлардан ҳимоя қилишни (6-модда) белгилаган ҳолда бундай ҳолатлар назарда тутилган. Лекин буларнинг барчаси, жумладан, инглиз ҳуқуқи амалда қандай ишлаши анча муҳимроқ. Бошқача айтганда, қонун институционал асосни яратди, бироқ уни мазмунан тўлдириш марказ органлари зиммасига юклатилади. Улар қисқа муддатларда (яна олти ойга узайтириш имконияти билан 12 ой ичида) листинг ва лицензиялаш қоидаларидан тортиб суднинг процессуал регламентларигача бўлган бутун бир ҳужжатлар тўпламини қабул қилишлари керак бўлади. Қайси инглиз ҳужжатлари, қандай таҳрирларда ва қанақа шартлар билан қўлланилишини эса марказ кенгаши алоҳида қарор билан белгилайди.

Ушбу норма ижодкорлиги ишининг сифати қонуннинг сифатидан кам аҳамият касб этмайди. Шу боис унга реал бозорлар тажрибасига эга мутахассисларни жалб этиш ва биринчи кунданоқ очиқ тартиб-таомилни йўлга қўйиш муҳим. Бунда ҳужжатлар лойиҳалари бир томонлама қабул қилинмасдан, етакчи марказларда азалдан йўлга қўйилганидек, бизнес ва профессионал ҳамжамият билан оммавий маслаҳатлашувлардан ўтказилади. Тошкент учун бу амалиётга риоя қилиш ишончни мустаҳкамлашнинг энг арзон усули бўлади. Назарий жиҳатдан гўёки яхши ёзилган қонунга қонуности ҳужжатларини шошилинч ва пинҳона ишлаб чиқиш билан эса бу ишончни жуда тез йўқотиш мумкин.

Айнан шунинг учун ҳам дастлабки давр марказ учун бир чигалёзди машғулоти эмас, балки сармоядорлар том маънода жонли эфирда кузатиб турадиган асосий имтиҳон бўлади. Дастлабки йирик низо, айниқса, унинг иккинчи тарафида давлат тузилмаси (ёки марказнинг маъмурий органи) турса, янги юрисдиксия учун ўзига хос синовга (краш-тестга) айланади. Инвесторлар унинг ечимини ҳар қандай тақдимотдан кўра синчиклаб ўрганади ва шунга қараб ҳозир кириш ёки кутиб туриш ҳақида қарор қабул қилади. Давлатнинг ўзи ҳалол ютқазган битта низо ўнта инвестиция форумидан кўра кўпроқ сармоя жалб қилади, бозор “келишиб олишди” деб баҳо берган битта қарор эса имтиёзларни ҳам, инглиз ҳуқуқини ҳам бир зумда йўққа чиқаради. Ишончни эса фақат ҳалол ва муваффақиятли битимлар билангина қозониш мумкин.

**Марказ орқали нималарни сотиш мумкин?**

Битим учун икки томон керак. Бўлажак бозорда талаб билан боғлиқ муаммолар кутилмаяпти: иқтисодиёт йилига қарийб 8 фоизга ўсаётганига қарамай, сурункали молиялаштириш етишмаслиги муаммоси мавжуд. Ҳамон давлат устунлик қилаётган банк тизими бундай ўсиш эҳтиёжларини қоплашга қодир эмас – демак, узоқ муддатли хусусий сармояга эҳтиёж фақат ортиб боради. Ишончни амалда синаш учун янги бозор расталарига ким ва нимани олиб чиқиши, яъни сотувчи ким бўлиши масаласи очиқлигича қолмоқда.

Ажабланарли жиҳати шундаки, бу саволнинг жавобини тўқсонинчи йиллардаги эҳтиёткорлик тайёрлаб қўйган. Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон сингари “шок терапияси” усулидаги хусусийлаштиришдан ўтмади ва энг йирик активлар давлат қўлида қолди. Давлат эса тадбиркор сифатида деярли ҳар доим энг ёмон ўйинчи бўлиб чиққан. У бир вақтнинг ўзида ҳам майдонга тушади, ҳам ўйинни бошқаради, ҳалол рақобатни эса ресурслардан фойдаланиш имконияти ва меъёрий имтиёзлар билан алмаштириб қўяди. Шу боис бу активларни хусусий мулкдорларга ўтказиб, давлатга унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган ягона ролни, яъни ҳакамлик ролини қолдириш мантиқан тўғри бўлади.

Бироқ жараённи сиёсий ирода йўқлиги эмас, балки давлат аппаратининг ўтказувчанлик қобилияти секинлаштирмоқда. Ҳар бир йирик битим маслаҳатчиларни жалб қилиш, аудит ўтказиш ва ойлаб ҳуқуқий тайёргарлик кўришни талаб этади. Давлат эса ўнлаб бундай жараёнларни бир вақтнинг ўзида олиб боришга жисмонан қодир эмас. Шу сабабли хусусийлаштириш ўз салоҳиятидан секинроқ кечмоқда. Бундай шароитда Марказ етишмаётган инфратузилма вазифасини бажаради, зеро, инвесторларга таниш ҳуқуқий тизим, суд ва стандарт қоидаларга эга тайёр юрисдиксия ҳар бир битимнинг қиймати ва муддатини қисқартиради. Бу эса давлатга битимларни навбатма-навбат эмас, балки бир вақтнинг ўзида юритиш имконини беради ҳамда уларни ҳар сафар чет элда рўйхатдан ўтказишга ҳожат қолмайди.

УзНИФ (Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди) май ойида ўтказган ИПО, яъни суверен инвестиция фонди аксияларининг илк халқаро оммавий жойлаштирилиши тўпланган захира қай даражада катта эканини кўрсатди. Давлат фонднинг 30 фоиздан ортиғини Лондон ва Тошкент биржаларида таклифдан тўрт баравар юқори бўлган талаб остида 600 млн доллардан кўпроққа сотди. Энг йирик харидорлар қаторидан БласкРоск, Франклин Ресоурсес ва Редвҳеел ўрин олди. Лондон биржаси учун бу битим сўнгги беш йилдаги энг йирик жойлаштирув бўлди, Тошкентдаги қимматли қоғозларнинг бир қисмини эса маҳаллий хусусий ва институционал инвесторлар харид қилди.

Битимнинг тузилиши ўзиёқ кўп нарсани англатади: маҳсулот ўзбекники эди, харидорлар эса бутун дунёдан топилди, бироқ ишончни Лондоннинг ҳуқуқи, судлари ва майдоннинг мавқейи билан бирга у ердан “ижарага олиш”га тўғри келди. Тошкентдаги марказ айнан шу “ижара”нинг ўрнини эгаллаши кўзда тутилган. Бундай ёки бундан ҳам кичикроқ кўламдаги кейинги жойлаштиришлар ўзимизда ўтказилади, мамлакат ўзганинг ишончи учун ҳақ тўлаш ўрнига, ишончни ўзи ярата бошлайди.

Қўшнилар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто кучли юрисдиксия мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бозорда маҳсулот бўлмаса, унинг ҳаракати сустлашади. Остона талаб юқори бўлган суд ва 5400 дан ортиқ иштирокчига эга фаолият юритувчи юрисдиксияни йўлга қўйди. Бироқ унинг биржасидаги савдо ҳажми уч йил ичида тахминан 4 млрд долларни ташкил этди. Фонд бозори учун бу анча кичик кўрсаткич: йирик жаҳон биржаларида бундай ҳажм бир савдо кунидаёқ қайд этилади. Оддийроқ айтганда, Остонада қимматли қоғозлар билан савдо қилишдан кўра уларни сақлаш афзал кўрилади, чунки марказ орқали етарли даражадаги активлар оқими ўтмаган ва юрисдиксия қозонган ишонч ҳали жонли бозорга айланмаган. Вазият аксинча кўринишга эга, негаки Остонада етарлича маҳсулоциз юрисдиксия бор, Тошкентда эса УзНИФъдан сўнг ўз юрисдиксиясига эга бўлмаган маҳсулот бор, асосий мақсад эса уларни бирлаштиришдан иборат. Матнга қараганда, қонун лойиҳаси муаллифлари бу мантиқни тушунишади: имтиёзлар фақат иқтисодий иштироки тасдиқланган қатнащиларга берилади, энг йирик халқаро гуруҳлар учун эса Пиллар Тво қоидаларига кўра минимал солиқ кўзда тутилган (18−19-моддалар).

*(Пиллар Тво – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) глобал солиқ ислоҳоти: йиллик даромади 750 млн евродан ошадиган халқаро компаниялар гуруҳлари қайси мамлакатда фаолият юритишидан қатъи назар, фойда солиғини минимал ставкадан паст бўлмаган миқдорда тўлайди; корпоратив гигантлар учун “солиқсиз” ҳудудлар даври ёпилган.)*

Шошилмаган ва миқёсни оқилона танлаганларгина иккала қисмни бирлаштира олган. Ўзбекистонда ҳавас қилинадиган Дубай минтақадаги 77 мамлакат оқимларига таяниб, фаолиятининг 20 йилига келибгина ГФСИ рейтингининг глобал етакчисига айланган. Шу боис Тошкент ўзини “жаҳон молиясининг тинч бандаргоҳи” сифатида эмас, балки ҳозирда Дубай ва Лондонда хизмат кўрсатилаётган ўз минтақаси капитали учун бетараф ва башоратли майдон сифатида кўриши оқилона бўлади.

Марказий Осиё сармояси анча вақтдан бери ўз вақт минтақасида тинч юрисдиксияни излаяпти. Бундай даврларда бетарафликнинг ўзи афзалликка айланади, ўз оқимларининг ватанига қайтиши эса ишонч кўламини кенгайтириш учун биринчи қадам бўлиб кўринади.

*(ГФСИ, Глобал Финансиал Сентрес Индех – жаҳон молия марказлари рейтинги бўлиб, уни Лондондаги З/Ен таҳлилий маркази 2007-йилдан бери молиячилар ўртасидаги сўровномалар ва ишбилармонлик муҳити статистикаси асосида йилига икки марта эълон қилиб келади; соҳада у асосий рейтинг жадвали ҳисобланади.)*

**Марказнинг илғор тажрибалари ундан ташқарида ҳам татбиқ этиладими?**

Учинчи савол очиқ қолмоқда: вужудга келадиган ишонч бутун мамлакатга насиб этадими ёки фақат марказ доирасида чекланиб қоладими? Анклавга айланиб қолиш хавфи шундаки, барча жонли тадбиркорлик фаолияти унинг ичида тўпланиб қолади. Мантиқан олганда, миллий ҳуқуқ ривожланишдан тўхташи мумкин. Натижада мамлакат аввалги муҳит ўртасида намунали адолат оролига эга бўлади, унинг ташқарисидаги бизнес эса эски хавотирлар мантиғи билан яшашда давом этади. Қозоғистон бу тузоқни фақат саккизинчи йилда, президент Қосим-Жомарт Тўқаев марказнинг илғор тажрибаларини бутун молия бозорига ёйишни топширганидагина англаб етди.

Тошкент эса илк кунданоқ муваффақиятли нормалар, тажриба ва мутахассисларни умумий тизимга кўчириш механизмини йўлга қўйиши мумкин. Шу орқали махсус юрисдиксия танланганлар учун қўриқхонадан бутун мамлакат учун “гуллаган боғга” айланиши мумкин.

Ишончни фақат одамлар кўчира олади ва бунинг ўзига яраша хавфи бор. Бошланишида “ақллар импорти”ни заифлик деб билмаслик керак, бу – шунчаки ишни бошлаш шарти, зеро обрў дунё ишонадиган номлар эвазига қозонилади. Дубай ҳам, Остона ҳам шундан бошлаган. Агар ўн йилдан кейин ҳам бу нисбат ўзгармаса, импорт муаммога айланади. Шу боис, мамлакатга параллел равишда ўз мутахассисларини тайёрлашнинг тизимли механизми керак бўлади: умумий ҳуқуқ ва юридик инглиз тили дастурларидан тортиб, марказ органларида амалиёт ўташ ва университетлар билан ҳамкорлик қилишгача.

Дастлабки учта саволга қайцак, яхлит бир манзара намоён бўлади. “Ишонч қандай қозонилади?” деган саволга қонун жиддий ёндашган, зеро 14-модда, очиқ амалиётга эга мустақил суд ҳамда валюта ва солиқ эркинлиги инвесторга берилган ваъдалар қадр топадиган муҳитни яратади. Бу ишонч нима билан мустаҳкамланиши нафақат қонунга, балки майдондаги реал айланмага ҳам боғлиқ.

Бу ерда бошланғич таклиф давлатдан чиқади. Унинг ортидан хусусий эмитентлар, корпоратив қарзлар, ҳудудий маблағлар ва аслида марказ айнан шулар учун битта дастур доирасидан кенгроқ қилиб ўйланган рақамли активлар келиши керак. Марказнинг муваффақияти эса қонун матнида эмас, балки унинг ўз норматив ҳужжатларида ва уларни қўллашнинг илк йилларида ҳал бўлади. Ўшанда янги қоидалар танлаб эмас, балки бир хилда ва адолатли ишлаётгани аён бўлади.

“Натижадан бутун мамлакат баҳраманд бўладими?” деган бошқа саволнинг жавоби эса марказ тажрибаси унинг доирасидан ташқарига қай даражада ёйилишига боғлиқ бўлади. Вазифанинг кўламини биргина қиёснинг ўзи кўрсатиб турибди. Белгиланган мақсад 2030-йилгача ҳар йили қўшимча 20−25 млрд доллар жалб қилишни ва ЯИМ ўсишига бир фоизгача қўшимча ҳисса қўшишни назарда тутади. Ҳолбуки, Остона шунга яқин суммани саккиз йилда тўплаган эди. Шундай йўлни икки баравар тезроқ босиб ўтиш нияти муваффақият рўйхатга олинган компаниялар сони билан эмас, балки жалб этилган капитал ва айланмалар билан ўлчанадиган холис координаталар тизимининг қадрини оширади. Буни эса янгиликлар туркуми билан эмас, фақат ўн йиллик мезон билан холис баҳолаш мумкин.

Пештахтани чиндан ҳам бир йилда қуриш мумкин, бироқ бозор секинроқ вужудга келади. Чунки унинг асоси фармон билан жорий қилинмайдиган ва абадий ижарага олинмайдиган, балки прецедентлар ва битимлар орқали орттириб бориладиган ишончдир. Бундай синовларнинг дастлабкилари аллақачон яқинлашиб қолди ва Тошкентда пештахта қуриляптими ёки бозор, буни тантанали очилиш маросими эмас, айнан ўша синовлар натижаси кўрсатади.

*Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.*

investitsiyaiqtisodiy rivojlanishhuquqiy tizimkapital bozoritoshkent xalqaro moliya markaziishonchxususiylashtirishmoliyaviy markazlar