Илҳом Алиев ва Доналд Трамп телефонда мулоқот қилди

Илҳом Алиев ва Доналд Трамп телефон орқали суҳбатлашди
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 8-август куни Америка Қўшма Штатлари раҳбари Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Телефон суҳбати давомида Алиев Трамп гувоҳлигида имзоланган Қўшма декларация ҳамда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим минтақадаги можарога барҳам бериб, тинчликни мустаҳкамлаганини таъкидлади. У бунинг учун АҚШ Президентига миннатдорлик билдирди.
Трамп ҳам Президент Илҳом Алиевнинг тинчлик жараёнига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Озарбайжон нефт маҳсулотларининг Арманистонга экспорт қилиниши, Озарбайжон ҳудуди орқали Арманистонга транзит юкларнинг ташилиши ва икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларининг йўлга қўйилиши ижобий ҳолатлар сифатида эътироф этилди.
Сиёсатчилар ТРИПП лойиҳасининг аҳамиятига ҳам эътибор қаратдилар. Озарбайжон транспорт инфратузилмаси бўйича ишлар якуний босқичда эканини маълум қилди. Арманистон ҳудудида ТРИПП лойиҳаси бўйича ишлар тез орада бошланишига умид билдирилди.
Озарбайжон ва АҚШ ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Шунингдек, Озарбайжон раҳбари АҚШ Президентига Г20 саммитига таклиф учун миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 7-август куни АҚШ Президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилганди. Томонлар бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар режасини кўриб чиққанди. Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.

