Идиш-товоқ ювиш, бокс ва ёга: Турк актёрлари стресс билан қандай курашади?

Идиш-товоқ ювиш, бокс ва ёга: Турк актёрлари стрессни қандай енгади?
Стресс замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган бўлиб, турк сериаллари юлдузлари ҳам ундан четда қолмайди. Баъзилар психологга мурожаат қилса, бошқалар руҳий мувозанатни тиклашга ёрдам берадиган машғулотлар топади. Бугун биз турк актёрларининг стрессни енгиш усуллари ҳақида сўз юритамиз.
Турк сериаллари мухлислари машҳурларнинг ўз саломатлиги ва ташқи кўринишига катта эътибор беришини яхши билади. Шу сабабли улар спорт залларига мунтазам қатнайди. Маълум бўлишича, баъзи актёрлар учун спорт стрессга қарши курашишнинг энг самарали усули ҳисобланади. Масалан, Дениз Жан Акташ, Иброҳим Челиккол ва Оқин Ўқинўзи бокс билан шуғулланади. Бокс машғулотлари уларга барча салбий энергияни чиқариб юборишга, руҳ ва танани тартибга солишга ёрдам беради.
Керем Бурсин ва Алп Наврўз гантел ва бошқа оғирликларни кўтаришни афзал кўрса, Бариш Ардуч жиу-жицу билан шуғулланади. У бу спорт тури билан профессионал даражада шуғулланиб, ҳатто олтин медални ҳам қўлга киритган. Турк актёрлари спорт залини ўзларининг иккинчи уйи деб билишларини тан олишади, чунки бу ерда улар мукаммал жисмоний формага эришиб, айни пайтда стрессдан ҳам халос бўлишади.
Ёга тан ва руҳни соғломлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири ҳисобланади. Кўплаб турк актрисалари ёга машғулотлари стрессдан халос бўлишга ва муаммолардан чалғишга ёрдам беришини таъкидлайди. Зейнеп Токуш, Мине Тугай, Нур Феттаҳоғлу, Ўзге Ўзпиринчжи ёга билан мунтазам шуғулланади.
Рақамли детокс — нафақат стрессдан қутулиш, балки уни ҳаётда умуман камайтиришнинг яна бир усулидир. Масалан, Гупсе Озай омма олдига чиққанидан сўнг нафақат ижтимоий тармоқларга кирмайди, балки бир муддат телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермайди. Актриса ва ссенарийнависнинг айтишича, бахт учун унга фақат оиласи билан мулоқот қилишнинг ўзи кифоя. Жансу Дере эса ижтимоий тармоқлардан жуда кам фойдаланади. Турк сериаллари юлдузи кучли ҳиссий зўриқиш пайтларида ўрмонга ёки сув ҳавзаси бўйига сайрга отланади. Айтганча, Бурак Ўзчивит ҳам стрессни тоза ҳавода пиёда сайр қилиб енгишни афзал кўради.
Турк сериаллари юлдузлари орасида экстремал спорт турлари ишқибозлари ҳам топилади. Бундай актёр ва актрисалар адреналинни хуш кўришади, янги ҳиссиётларга интилишади ва айнан шу йўл билан стресс ва муаммоларни енгишларини яширишмайди. Масалан, Гўнжа Жиласун дайвинг ва камондан ўқ отиш билан шуғулланади. Жамила Байсал худди Тургут Тунчалп сингари пойгаларни севади. Ўғун Каптаноғлу ҳам пойгаларни, айниқса, мотопойгаларни яхши кўради, шунингдек, фридайвинг ва алпинизмга ҳам қизиқади.
Айрим турк актёрлари стрессни китоблар ва эски филмлар ёрдамида, ёлғизликда енгишни афзал билишади. Илҳан Шен, Демет Ўздемир, Туба Буюкустун, Фаҳрие Эвжен, Нур Феттаҳўғлу, Пинар Дениз, Эсра Билгич — бу машҳурларнинг барчасини китобга бўлган меҳр ва айнан мутолаа нафақат стрессдан халос бўлишга, балки кўплаб саволларига жавоб топишга ҳам ёрдам бериши бирлаштириб туради.
Ҳанде Эрчел учун рассомлик нафақат илҳом манбаи, балки ёлғиз қолиш ва стрессдан халос бўлиш имкониятидир. Каан Урганжиўғли эса идиш-товоқ ювишни маъқул кўради. Турк актёри стрессли ёки ғашга тегувчи вазиятларда илк имкониятдаёқ ошхонага йўл олишини ва у ерда тартиб ўрнатишини тан олган.
Экрандан ташқарида турк актёрлари ҳам ўз муаммолари ва ташвишларига эга бўлган оддий инсонлардир. Уларнинг ҳар бири стресс ёки ёмон кайфият билан ўзига мос усулда курашади. Айрим усулларни эса эътиборга олиб қўйишга арзийди. Масалан, спорт ёки рассомлик ҳали ҳеч кимга зиён келтирган эмас.

