Сиёсат

Ҳусийлар Қизил денгиздан фойдаланганлик учун кемаларга бож солади

Ҳусийлар Қизил денгиздан ўтувчи кемалардан бож йиғишни режалаштирмоқда

Яман ҳусийлари Қизил денгизнинг жанубий қисмидан ўтадиган савдо кемаларидан тўлов ундириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Реутерс агентлигига минтақадаги вазиятдан хабардор манбалар маълум қилди.

Бу таклиф ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадасини эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар 20-июл куни Саудия Арабистонига қарши денгиз эмбаргосини жорий этган эди. Бу Яқин Шарқдаги можарода АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши янги фронт очиб, энергия ташувчи танкерларга ҳужумларни кучайтирди.

Манбаларнинг таъкидлашича, гуруҳ Қизил денгизни Адан кўрфази билан боғлайдиган Боб ал-Мандаб бўғозидан ўтадиган аксарият кемалардан ҳақ олиш вариантини ўрганмоқда. Ушбу тизим қачондан кучга кириши ҳозирча номаълум. Ҳусийларнинг матбуот хизмати бу борада изоҳ беришдан бош тортди.

**Эроннинг роли ва Хитой учун имтиёзлар**

Июл ойида ҳусий вакиллари марҳум раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросимида иштирок этиш учун Эронга борган эди. Реутерс манбаларига кўра, Эрон расмийлари улар билан Боб ал-Мандабдан ўтиш учун тўлов жорий этиш масаласини муҳокама қилган.

Бундай қадамдан мақсад халқаро сув йўлларидан ҳақ олишни одатий ҳолга айлантириш ва АҚШга босимни оширишдир. Манбаларнинг қўшимча қилишича, Хитой кемалари бу тўловлардан озод этилади ва ҳусийлар бу келишувни қўллаб-қувватламоқда.

Аввалроқ Хитой ҳусийлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказган эди. Мақсад — Хитой танкерларининг Қизил денгизда ҳужумларсиз сузиб ўтишини таъминлаш. Хитой Саудия нефтининг дунёдаги энг йирик харидори ҳисобланади.

Теҳрондан қайтган ҳусийлар билан бирга Эрон маслаҳатчилари ҳам келган. Улар Боб ал-Мандаб орқали тўловларни тартибга солувчи махсус органни ташкил этишда ёрдам бермоқда.

"Ҳусийлар Қизил денгиз устидан назоратни қўлга киритишга ва кемалардан ҳақ олишга уринишмоқда", деди Яман ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Афраҳ аз-Зуба.

Икки ғарб дипломати сўзларига кўра, бу ҳаракат Форс кўрфази ва Европа давлатларининг кучли қаршилигига учрайди. Бироқ ҳозирда халқаро ҳарбий-денгиз кучлари тижорат кемаларига етарлича ҳимоя таъминлай олмаяпти.

**Ҳормуз бўғози ва Саудия Арабистонига таҳдид**

Эрон расмийси Реутерсъга берган хабарида, Теҳрон Уммоннинг Ҳормуз бўғозини биргаликда бошқариш ва кемалардан тўловлар олиш таклифини рад этганини айтди. Бу эса Кўрфаздаги савдо йўлини очиш умидларини йўққа чиқарди. Боб ал-Мандабнинг ёпилиши Саудия Арабистонини Ҳормуз бўғозига муқобил бўлган муҳим йўналишдан маҳрум қилади. Бу эса нефт танқислиги хавфини оширади.

Қизил денгиздаги юк ташиш ҳажми 2023-йил ноябр ойидан бери тўлиқ тиклангани йўқ. У пайтда ҳусийлар Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш баҳонаси билан ҳужумларни бошлаган эди. Тижорат кемаларига ҳужумлар фақат 2025-йилнинг октябр ойида Ғазода оташкесим тузилгач тўхтатилганди. Яқинда Саудия Арабистонининг Жизан порти яқинида камида битта нефт танкери ҳужумга учради ва бу масъулиятни ҳусийлар ўз зиммасига олди.

БМТ экспертлар гуруҳининг 2024-йилги ҳисоботига кўра, ҳусийлар илгари ҳам Қизил денгиз ва Адан кўрфазидан ўтувчи кемаларга хавфсиз ўтиш эвазига пул ундирган. Ушбу тушумлар ойига 180 миллион долларга етгани тахмин қилинган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган.

Қизил денгиз йўналишининг аҳамияти жуда юқори бўлиб, Боб ал-Мандаб орқали Осиёга сузиб бориш ўртача 16 кун давом этади. Агар кемалар шимолий Қизил денгиз, Сувайш канали ва Африка жануби орқали айланиб ўца, бу йўл 50 кунни ташкил этади.

eronxitoyhusiylarsaudiya arabistoniqizil dengizkemalarbojbob al-mandab