Маҳаллий

Гулнора Каримованинг Швейсариядаги иши ёпилди: Ломбард Одиер банки жаримага тортилди

Швейсария суди 27-июл куни Ломбард Одиер хусусий банкига пул ювишнинг олдини олмагани учун 3 миллион Швейсария франки (3,68 миллион доллар) миқдорида жарима солди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан иш тугатилди. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.

Прокурорлар Каримовага пора олиш ва 2005—2013-йиллар оралиғида Швейсария банк ҳисобларига юзлаб миллион долларни ўтказган "Офис" номли жиноий ташкилотни бошқариш айбловини қўйган эди. Женевада жойлашган Ломбард Одиер банки ва унинг собиқ ходими Каримованинг жиноий фаолиятдан топилган деб ҳисобланаётган даромадларни яширишга ёрдам берганликда айбланган. Суд жараёни апрел ойида бошланган эди.

Суд баёнотида айтилишича, Ломбард Одиер банки пулларни ювишнинг олдини олиш учун "барча зарур ва мақбул ташкилий чораларни кўрмагани" учун жаримага тортилди, шунингдек, 400 миллион франкдан ортиқ активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. Ломбард Одиер банкининг собиқ ҳисоб-менежерига 24 ойлик шартли қамоқ жазоси берилди.

Ломбард Одиер ушбу иш 2012-йилда банк Швейсария расмийларига шубҳали ҳолатлар ҳақида ташкилотнинг ўзи хабар берганидан кейин бошланганини билдирди. Банк ўша пайтда ички назорат ва пулларни ювишга қарши мустаҳкам тизимга эга бўлганини таъкидлади ва суд қарори устидан шикоят қилишини айтди.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг 54 ёшли қизи Гулнора ўзига қўйилган ҳар қандай қонунбузарлик ҳақидаги айбловни рад этиб келади. У Ўзбекистонда талон-торож ва товламачилик айбловлари бўйича судланган. Каримова 2019-йилда уй қамоғи шартларини бузгани учун қамоққа олинган.

Судда билдирилишича, Каримовага нисбатан иш тугатилган. Бунга жавобгарликка тортиш муддати тугагунга қадар у озод қилиниши ёки Швейсарияга топширилиши эҳтимоли йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Россияда яшовчи Б. деб кўрсатилган бошқа бир айбланувчига нисбатан ҳам иш тўхтатилди, чунки у ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра Швейсарияга кела олмаган.

Суд Ломбард Одиер банки ва унинг собиқ ходимига берилган жазолар жиноят содир этилганидан бери кўп вақт ўтгани сабабли камайтирилганини билдирди. 2011-йил июл ойидан олдинги воқеаларга оид айбловлар жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли бекор қилинди.

Аввалроқ Каримованинг Швейсариядан қайтарилган активларидан 43,5 млн доллар тиббиётга йўналтирилиши ҳақида хабар берилганди.

uzbekistancorruptionswitzerlandmoney launderinggulnara karimovalombard odier bankasset confiscationstatute of limitations