Иқтисодиёт

Гоял Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасини икки баравар оширишга чақирди

3-август куни Ню-Деҳлида Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (ФИССИ) ҳамда Инвест Индиа агентлиги раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ ишбилармон доиралари ва етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

Гоял Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажмини икки баравар оширишга чақирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3-август куни Ню-Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (ФИССИ) ва Инвест Индиа агентлиги раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ ишбилармон доиралари ва етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

Форум давлат ва бизнес кун тартибини ўзида мужассам этди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиб, уни ривожлантиришнинг асосий захираларини белгиладилар ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик бугунги кунда стратегик шериклик ва ўзаро ишончга таянади. Икки давлат раҳбарлари белгилаб берган йўл туфайли икки томонлама муносабатлар савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси ташаббуслари билан изчил бойиб бормоқда.

Форумнинг асосий мавзуларидан бири ўзаро савдо бўлди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, илк бор 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Томонлар бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ва маъмурий тўсиқларни қисқартириш орқали ушбу кўрсаткични 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. Шу мақсадда Савдога кўмаклашиш бўйича Англашув меморандуми тайёрланмоқда.

Икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро бир-бирини тўлдирувчи хусусияти алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ўғитлар, кимё маҳсулотлари, рангли металлар, тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тайёр. Ҳиндистондан эса фармацевтика маҳсулотлари, технологиялар, машина ва ускуналар ҳамда автомобил бутловчи қисмлари импортини ошириш имкониятлари мавжуд.

Инвестиция кун тартиби ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги қарийб 400 та корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели эса 5 миллиард АҚШ долларидан ошади. Ҳиндистон бизнеси бозорни ўрганиш босқичидан амалий инвестициялар босқичига ўтаётгани қайд этилди.

Устувор йўналишлар сифатида металлургия ва кончилик саноати, кимё, энергетика ва рақамли инфратузилма, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, машинасозлик ҳамда агросаноат мажмуаси белгиланди. Асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллийлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергетика ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, шунингдек, замонавий тиббиёт ва агросаноат обьектларини барпо этишга қаратилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва экспорт майдони сифатидаги афзалликлари тақдим этилди. Корхоналарни мамлакатда маҳаллийлаштириш инвесторларга жадал ривожланаётган ички бозор ҳамда бошқа минтақаларга экспорт қилиш учун кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

Б2Б ва Г2Б учрашувлари давомида компаниялар ва давлат идоралари вакиллари аниқ таклифлар, ҳамкорлик шакллари, молиялаштириш механизмлари ҳамда кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги истиқболли лойиҳаларни майдон танлаш ва молиялаштиришни шакллантиришдан тортиб, обьектларни ишга туширишгача бўлган барча босқичларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқлади.

Ўтказилган музокаралар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ҳамда амалий кун тартибини шакллантириш имконини берди. Эндиликдаги устувор вазифа энг пухта ишлаб чиқилган таклифларни қисқа муддатда аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантиришдан иборат.

strategic partnershipindustrial cooperationtrade relationsbilateral tradeeconomic partnershipexport-importinvestment cooperationuzbekistan-india business forum