Дунё

Ғазодаги йирик дафн маросими ва Киев узра баллистик ракеталар – кун дайжьести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

**Ғазодаги йирик дафн маросими ва Киев узра баллистик ракеталар – кун дайжьести**

**Ғазода йирик дафн маросими**

Сешанба куни Ғазода Исроилнинг геноцид уруши даврида вайроналар остидан топилган 112 нафар фаластинлик учун жаноза намози ўқилди. Анадолу агентлигининг хабар беришича, Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласида минглаб одамлар йиғилган. У ерда байроқларга ўралган жасадлар харобалар ёнига қўйилган. Қурбонлар кейинчалик Зайтун маҳалласидаги қабристонга дафн этилди.

Ушбу қурбонлар Ал-Ҳасайн ва Абу Шария оилаларига мансуб бўлиб, 2023-йил 23-ноябр куни Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида уйларига зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган. Қурбонлар сонининг кўплиги сабабли бу жаноза Ғазода сўнгги йилларда ўтказилган энг йирик маросимлардан бири бўлди.

Ғазо Фуқаро мудофааси ўз баёнотида қурбонлар орасида 40 нафар бола, 38 нафар аёл ва етти нафар ногиронлиги бўлган шахс борлигини маълум қилди. Шу билан бирга, ҳалигача вайроналар остида қолиб кетган 157 кишининг қолдиқларини олиб чиқишнинг имкони бўлмаяпти.

Фаластин расмийларига кўра, 2023-йил октябр ойидан бери Исроилнинг Ғазога қарши геноцид урушида 73 000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 174 000 дан ортиқ одам жароҳатланди. 2025-йил 10-октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Исроил ҳужумлари бутун анклав бўйлаб давом этиб, яна 1250 нафар фаластинликни ўлдирган ва 4110 кишини жароҳатлаган.

**АҚШ-Эрон музокаралари**

АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни бўлиб ўтган музокаралар чоғида унинг маъмурияти Эрон билан "жуда яхши муҳокамалар" ўтказганини айтди. "Улар кун бўйи музокара олиб боришди. Ҳўрмуз бўғози жуда тез орада очилади. Агар улар яна ортга чекинса, уларга жуда қаттиқ зарба берилади", деди Трамп Фох Невсъдаги чиқишида.

Ахиос нашри ўз манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ ва Эрон – Ўмон билан келишув орқали "бўғозни қайта очиш бўйича оралиқ битим"га яқинлашмоқда. Вашингтон чоршанба куни бу ҳақда эълон қилишни мақсад қилган. Бироқ Эрон расмийлари – "Қўшма Штатлар Эронга таҳдид қилишда давом этар экан, бўғоз бўйича келишув кечиктирилишини" маълум қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий эса бўғоз орқали транзит масаласида Ўмон билан музокаралар ижобий давом этаётганини, шунингдек, улар хавфсиз қатнов йўлакларини ўрнатишга қаратилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, музокара қилинаётган йўналиш икки давлатнинг суверен ҳуқуқлари ва миллий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, Трамп билан гаплашган Қатар амири Шайх Тамим ҳам Вашингтон ва Теҳрон ўртасида узоқ муддатли келишув истиқболларини яхшилашни муҳокама қилган.

Қизил денгизда Саудия Арабистонига денгиз қамалини жорий қилган ҳусийлар эса нефт экспорти йўналишларини назорат қилишга интилмоқда. Хусусан, кеча Яман яқинида Ҳиндистон байроғи остида сузаётган кемага снаряд келиб урилиши оқибатида у ағдарилиб чўкиб кетди. Бортдаги барча 14 нафар денгизчи қутқариб қолинган. Яман ҳукумати ушбу ҳужумда ҳусийларни айблади.

**Киевга баллистик ракеталар ҳужуми**

Россия Украинага баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда 15 киши ҳалок бўлди ва камида 22 киши жароҳатланди. Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг айтишича, ҳужумлар чоршанба куни ярим тундан кейин бошланган.

Унинг айтишича, пойтахтнинг Бориспол туманида тўққиз, Буча туманида тўрт ва Фастов туманида бир киши ҳалок бўлган. Турар жой бинолари ва омборларга зарар етган. Кеча Херсонда бир кишини русларнинг дрони қувиб кетаётгани акс этган видео ҳам тарқалганди. Украина буни тинч аҳолини нишонга олган қасддан "ов" деб атади.

Россия мудофаа вазирлиги эса Киев ва унинг атрофидаги логистика-таъминот марказларига зарба берганини тасдиқлади. "Ушбу марказлар турли хил қурол ва ҳарбий техникаларни сақлаш, етказиб бериш, шунингдек, дронларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланган", дейилади баёнотда. Шунингдек, Россия ҳарбийлари Одесса порти яқинида "қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиб кетаётган" учта юк кемасига ҳам зарба берди.

Сўнгги ҳафталарда икки томон ҳам ўзаро ҳужумларни кучайтирди. Кеча Украина Москва вилоятида "Вилдберриес" омборларига зарба бериб, 5 кишининг ўлимига сабаб бўлганди. Ундан олдин Украин дрони Геленжикдаги пляжда одамларга устига қулаб, 7 кишини ўлдирганди. Аммо ҳар икки томон ҳам тинч аҳоли атайлаб нишонга олинганини рад этиб келади. Украина Россиянинг баллистик ҳужумларидан ҳимояланиш учун иттифоқчилардан Патриот ракеталарини кўпроқ беришни сўрамоқда.

**Гватемалада вулқон отилди**

Гватемаладаги Фуего вулқонининг отилиши унинг ёнбағирларида жойлашган камида иккита қишлоқ аҳолисини эвакуация қилишга сабаб бўлди. Ғарбий яримшарнинг энг фаол вулқонларидан бири бўлган Фуего душанба куни лава ва кул пуркашни бошлаганди. Унинг фаолиятини кузатувчи агентликнинг маълум қилишича, сешанба куни тонгда Фуегонинг жануби-шарқий ёнбағридан пирокластик оқим оқиб тушишда давом этган.

Пирокластик оқим – бу эриган лава эмас, балки ундан кўра анча тезроқ, кутилмаган ва вайронкор бўлган қайноқ газ ҳамда вулқон кулининг кўчкисидир. Расмийлар бутун мамлакат бўйлаб сариқ рангли огоҳлантириш эълон қилди. Вулқон отилиши янада кўпроқ газлар ва кул булутларини юзага келтиради. Шу боис, одамлар дераза ва эшикларини ёпиқ ҳолда сақлашга чақирилди. Вулқонга яқин жойлашган мактабларда дарслар бекор қилинди.

Фуего сайёҳлар орасида машҳур бўлган шаҳар атрофида жойлашган. Шу боис ташриф буюрувчилар ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам хавфли ҳудудларга яқинлашмаслик бўйича огоҳлантирилди. 2018-йилда Фуего вулқони отилиши оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Уларнинг кўпчилиги катта тезликда пастга тушган пирокластик оқим остида қолиб кетганди.

**Исроил Ғазодан чиқмоқчи эмас**

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ҳамас "тўлиқ" қуролсизланмагунча унинг армияси Ғазода ўзи эгаллаб турган ҳудудлардан чекинмаслигини айтди. "Ҳамас тўлиқ қуролсизлантирилмагунча биз ҳозирги позицияларимиздан чекинмаймиз. Мен хавфсизлик манфаатларимизга содиқ қоламан", деб таъкидлаган Нетаняҳу.

Унинг мурожаати АҚШ президенти Доналд Трамп ва Тинчлик кенгаши Ҳамаснинг қуролсизланиши борасидаги хабарларни эълон қилгач пайдо бўлди. "Улар бизга лойиҳа юборишди, биз уни маъқулламадик ва уларга ўз изоҳларимизни юбордик", деди Нетаняҳу.

Тел-Авив ҳар қандай чекинишдан олдин қуролсизлантириш тўлиқ якунланиши кераклигини таъкидламоқда. Тинчлик кенгаши эълон қилган ва Ҳамас қабул қилган йўл харитаси эса бу икки қадамни босқичма-босқич, параллел равишда амалга оширишни талаб қилади. Бироқ Николай Младенов ва Нетаняҳу ўртасидаги учрашувдан сўнг, Тинчлик кенгаши ҳам оғир ва енгил қуроллар, шунингдек, туннеллар йўқ қилинмагунича Исроилнинг тўлиқ чекиниши рўй бермаслиги ҳақида гапира бошлади. Ҳамас эса сулҳ жараёнининг иккинчи босқичи бўйича келишилган масалаларга содиқлигини тасдиқлади.

g‘azohamasnetanyahuukraina urushiaqsh-eron muzokaralarirossiya hujumlariisroil-hamas mojarosigvatemala vulqoni