Франсияда мисли кўрилмаган «оловли булутлар» қайд этилди
Франсия ва Испанияда кучли ўрмон ёнғинлари туфайли эвакуация қилинганлар сони 300 минг нафардан ошди. Франсия президенти Эммануел Макрон мамлакатдаги ҳозирги ёнғинларни Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан буён кузатилган энг кучли ўрмон ёнғинлари деб атади. Бордо яқинида эса оловни ҳали тўлиқ назоратга олишнинг имкони бўлмаяпти.

Франсияда мисли кўрилмаган "оловли булутлар" пайдо бўлди
Франсия ва Испания қутқарув хизматлари Европанинг жануби-ғарбини қамраб олган янги иссиқ ҳаво тўлқини шароитида сўнгги ўн йилликлардаги энг шиддатли ўрмон ёнғинларига қарши курашни давом эттирмоқда.
27-июл куни Франсия президенти Эммануел Макрон мамлакат жануби-ғарбидаги ёнғинларнинг аксарияти жиловланганини эълон қилди. Бироқ, Бордо шаҳри яқинидаги айрим ҳудудларда оловни назоратга олиш ҳали ҳам қийинлигича қолмоқда.
Макрон фавқулодда вазиятларга жавоб бериш хизматларининг инқирозга қарши марказига ташриф буюрди. АФП агентлиги хабарига кўра, президент келгуси ҳафталар оғир кечишидан огоҳлантирган. Унинг таъкидлашича, Франсияда ҳозир кузатилаётган ўрмон ёнғинлари Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён энг кучлиси ҳисобланади.
Бордо ва Атлантика океани соҳили оралиғидаги ҳудудларда 22-июлдан буён ёнғинлар қарийб 42 минг гектар майдонни қамраб олган. 27-июл куни ҳам олов тарқалишда давом этган. Хавфли ҳудудлардан 220 минг киши хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. Умуман олганда, жорий йил бошидан буён Франсия бўйлаб ўрмон ёнғинлари 116 минг гектар майдонни йўқ қилгани айтилмоқда.
АФП маълумотларига кўра, Франсия жануби-ғарбида мамлакат тарихида илк бор момақалдироқли "оловли булутлар" – пирокумулонимбуслар қайд этилган. Бундай ҳодиса йирик ёнғинлар пайтида ер юзаси яқинидаги ҳаво жуда кучли қизиши натижасида юзага келади. Қизиган ҳаво тутун, сув буғи ва кул билан бирга катта тезликда юқорига кўтарилади. Айрим ҳолларда бу масса ҳатто стратосферагача етиб бориши мумкин. У юқори қатламлардаги совуқ ҳаво массалари билан тўқнашганда кучли шамоллар пайдо бўлади. Бу шамоллар эса ёнғиннинг янада тез тарқалишига олиб келиши мумкин. Бундай булутларда чақмоқ ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Илгари шунга ўхшаш ҳодисалар Австралия ва Канададаги улкан ўрмон ёнғинлари вақтида кузатилган.
Франсия ёнғин хизмати вакили Эрик Брокарди мамлакат учун бундай ҳодисани "мисли кўрилмаган" деб баҳолаган. Унинг тушунтиришича, бундай "оловли бўрон"ни ўчириш ёки назоратга олиш ниҳоятда қийин. Сабаблардан бири – шамол йўналишининг тез-тез ўзгариши. Натижада олов бир вақтнинг ўзида турли йўналишларда тарқалиб, бир нечта ёнғин фронтини ҳосил қилиши мумкин. Бу эса вазиятни олдиндан прогноз қилишни кескин қийинлаштиради.
Европа Иттифоқининг табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш механизми доирасида Франсия ва Испанияга бошқа Европа давлатлари томонидан қўшимча куч ва техника юборилмоқда. Еврокомиссия маълумотига кўра, ёнғинларга қарши кураш учун 13 та самолёт, 4 та вертолёт ва 41 та махсус транспорт воситаси жалб этилган. Шунингдек, қарийб 130 нафар қутқарувчи ёрдамга юборилган. Операцияда Германия ҳам иштирок этмоқда.
Франсия ва Испанияга Европа Иттифоқининг Сопернисус Ерни кузатиш дастури орқали сунъий йўлдош тасвирлари ҳам тақдим этилмоқда. Улар ёнғин ўчоқлари ва олов тарқалишини кузатишда қутқарув хизматларига ёрдам беради. КНА агентлиги маълумотига кўра, Франсия ва Испанияда ёнғинлар туфайли эвакуация қилинганлар сони жами 300 минг нафардан ошган. Бу Европа тарихидаги энг йирик эвакуация жараёнларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Франсия ва Испанияга ёрдам кўрсатиш учун Европа Иттифоқи механизмига ўнта давлат, жумладан Туркия, Норвегия ва Украина ҳам жалб қилинган. Еврокомиссия давлатлардан келаётган ёрдам таклифларини мувофиқлаштирмоқда ва операцияларни молиялаштиришда иштирок этмоқда. Зарурат туғилса, Европа Иттифоқи рессЕУ стратегик захирасидаги яна 22 та самолёт ва 5 та вертолётни ҳам ёнғинларга қарши курашга сафарбар қилиши мумкин.

