Фарғонада 2 млн йил аввалги ғор ва қоятош суратлари топилди

Фарғона вилоятининг Сўх туманида 2 миллион йил аввалги ғор ва қоятош суратлари топилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, туманнинг Деҳвайрон қишлоғи тоғларидан топилган ғор палеолит даврига оид бўлиб, мутахассислар уни машҳур Селенғур ғоридан ҳам қадимийроқ деб ҳисоблашмоқда. Узунлиги 50 метр бўлган бу ғорда ҳатто алоҳида “болалар хонаси” ҳам мавжуд бўлган, бироқ ҳозирда унга кириш йўли тупроқ ва тошлар билан тўлиб қолган.
Ғорнинг ўзига хослиги шундаки, унинг ичи ёзнинг жазирамасида салқин, қишда эса иссиқ бўлади. Ибтидоий одамлар айнан шу хусусиятини инобатга олиб, бу ерни бошпана сифатида танлаган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ғордан 500 метрча юқорига кўтарилганда қоятошларга ўйилган қадимги ҳайвонлар ва ов қуроллари акс этган суратларни кўриш мумкин. Гарчи бу бебаҳо мерос йиллар давомида инсон қўли билан шикастланган бўлса-да, уларнинг айрим намуналари бугунги кунгача сақланиб қолган.
Ҳозирги кунда ушбу ҳудудни йирик сайёҳлик масканига айлантириш мақсадида йўллар текисланиб, хавфсиз пиёдалар йўлаклари барпо этилиши кўзда тутилган. Обида келгусида Сўх дарёси бўйида барпо қилинаётган дам олиш мажмуаси билан боғланиб, туманнинг йирик туризм марказига айлантирилади.
Аввалроқ Самарқандда ВИИИ асрга оид ҳукмдорлар саройи қолдиқлари топилгани хабар қилинганди. Шунингдек, қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан ҳайкалтарошлик намуналари ҳам аниқланган. Яна бир ҳолатда Ўзбекистонда 4 минг йил аввал бош суяги операция қилинган бола суяклари топилган.

