Маҳаллий

Фарғона вилояти Афғонистон бизнеслари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг "Эмералд Диамонд Традинг" МЧЖ директори Абдул Ҳамиди Анюри, "Кам Аир" компанияси директори Атилла Азими, "Тожмаҳал Петролеум" компанияси директори Абдул Латиф Наврузи ҳамда уларнинг Фарғонадаги ҳамкорларини қабул қилди.

Фарғона вилояти Афғонистон бизнеслари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг "Эмералд Диамонд Традинг" МЧЖ директори Абдул Ҳамиди Анюри, "Кам Аир" компанияси директори Атилла Азими, "Тожмаҳал Петролеум" компанияси директори Абдул Латиф Наврузи ҳамда уларнинг Фарғонадаги ҳамкорларини қабул қилди.

Маълумки, жорий йилнинг 26–27-июл кунлари вилоят ҳокими бощилигидаги тадбиркорлардан иборат вилоят делегацияси савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни яна-да ривожлантириш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистонда бўлиб, қатор расмий учрашувлар ва бизнес мулоқотларини ўтказиб, турли йўналишларда самарали келишувларга эришилган эди. Қобул ва Мозори Шариф шаҳрида Фарғона вилояти савдо уйи очилганди.

Бугунги учрашув ана шу ташриф давомида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилгани, ўзаро ишонч ва манфаатли иқтисодий ҳамкорликни яна-да ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Афғонистонлик тадбиркорлар Фарғона вилоятининг саноат ва тадбиркорлик салоҳиятини юқори баҳолаб, савдо, қишлоқ хўжалиги, авиация, энергетика ва логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Ушбу йўналишларда янги ташаббуслар илгари сурилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти Ўзбекистон–Афғонистон иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилиб, ҳар бир йўналиш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун барча имкониятлар ишга солинишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида қўшма инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш ҳамда икки томонлама савдо айланмасини ошириш, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.

international relationsuzbekistanfergana regioneconomic cooperationtradebusinessafghanistaninvestment