Дунёда чучук сувга энг бой давлатлар маълум бўлди
Жаҳонда чучук сув захираси энг кўп бўлган мамлакатлар ҳақидаги янги рейтинг эълон қилинди. Таҳлил умумий сув захираси эмас, балки аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи чучук сув ҳажми асосида тузилган бўлиб, унда Исландия катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.

Дунёда аҳоли жон бошига энг кўп чучук сувга эга давлатлар аниқланди. Висуал Сапиталист томонидан Жаҳон банки ва Оур Ворлд ин Дата маълумотларига асосланиб тайёрланган инфографикада мамлакатлар аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи чучук сув захиралари бўйича таққосланди.
Ушбу рейтингда Исландия мутлақ етакчи бўлди. Мамлакатда ҳар бир аҳоли ҳиссасига йилига тахминан 15,7 миллион куб фут, яъни қарийб 445 минг куб метр қайта тикланувчи чучук сув тўғри келади. Мутахассислар бу кўрсаткични Исландиядаги кўплаб музликлар, йил давомида ёғадиган сероб ёғингарчилик ва аҳолининг нисбатан камлиги – тахминан 400 минг киши эканлиги билан изоҳлайди. Бу омиллар Исландияни аҳоли жон бошига чучук сув билан энг яхши таъминланган давлатлардан бирига айлантирган.
Рейтингда кейинги ўринларни Гаяна ва Суринам эгаллади. Бу мамлакатларда тропик иқлим туфайли ёғингарчилик кўп бўлиб, серсув дарёлар тармоғи яхши ривожланган. Шу билан бирга, аҳоли сонининг нисбатан камлиги сув ресурсларининг аҳолига тўғри келадиган улушини оширади.
Таҳлилда қайд этилишича, умумий сув захираси катта бўлган мамлакатлар ҳар доим ҳам аҳоли жон бошига сув таъминоти бўйича юқори ўринларни эгалламайди. Масалан, Канада дунёдаги энг катта чучук сув захираларидан бирига эга бўлса-да, уларнинг катта қисми аҳоли яшайдиган ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан анча узоқда жойлашган.
Худди шундай ҳолат Россия ва Бразилия учун ҳам хос. Бу мамлакатларда қайта тикланувчи сув ресурслари улкан ҳажмни ташкил эца-да, аҳоли сони кўплиги сабабли бир кишига тўғри келадиган сув миқдори рейтингда пастроқ баҳоланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг умумий сув захиралари катта бўлиши унинг барча ҳудудлари сув билан бир хил таъминланганини англатмайди. Агар асосий сув манбалари аҳоли зич жойлашган ёки қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан узоқда бўлса, айрим минтақаларда сув танқислиги юзага келиши мумкин.

