Давлат тили бўйича маслаҳатчиларга янги вазифалар юклатилди
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятининг янги тартиби белгиланди. Улар давлат тилига оид қонунчилик ижросини назорат қилиш, ҳужжатларнинг тил меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўради.

Давлат тили бўйича маслаҳатчиларга янги вазифалар юклатилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 7-августдаги 437-сонли қарори билан мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу ҳужжат Президентнинг 2025-йил 20-октабрдаги қарорида кўрсатилган вазифаларни бажаришни таъминлашга йўналтирилган.
Қарорда қайд этилишича, республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.
Маслаҳатчилар фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади. Маслаҳатчи Департамент билан келишилган ҳолда тегишли давлат органи ёки ташкилоти раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади. Улар ўз раҳбари ҳамда Департаментга ҳисобдор бўлади.
Маслаҳатчиларнинг асосий вазифалари қаторига давлат тили, географик объектлар ва маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш киритилди. Шунингдек, улар давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилиниши ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўради.
Қарорга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, жумладан, ҳужжатларнинг давлат тилида юритилиши учун ташкилот раҳбарлари масъул ва шахсан жавобгар ҳисобланади.

