Чорвоқдаги Сеа Бреезе лойиҳаси бўйича ҳали тўлиқ хулоса берилмаган — Экоекспертиза маркази
Сеа Бреезе лойиҳасининг илк босқичи — фақат ер танлашга ижобий хулоса берилган. Унинг атроф-муҳитга тўлиқ таъсири: ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, канализация тизими ва бошқа экологик талаблар иккинчи босқичда баҳоланади. Экологик экспертиза марказига кўра, бунга оид ҳужжатлар ҳали тақдим этилмаган.

**Чорвоқдаги "Сеа Бреезе" лойиҳаси бўйича якуний хулоса берилмаган – Экоекспертиза маркази**
"Сеа Бреезе Узбекистан" лойиҳасининг экологик экспертизаси ҳали тўлиқ якунланмаган. Ҳозирча фақат ер танлаш босқичига оид хулоса берилган. Бу ҳақда 5-август куни Контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг Давлат экологик экспертизаси маркази директори Ғайрат Мухамедов Газета мухбирига маълум қилди.
Ғайрат Мухамедовнинг сўзларига кўра, экологик экспертиза икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда қурилиш учун ер танлаш баҳоланади, иккинчисида эса лойиҳанинг атроф-муҳитга тўлиқ таъсири ўрганилади. "Сеа Бреезе Узбекистан" лойиҳаси бўйича ҳозирча фақат биринчи босқич – ер танлашга оид ҳужжатлар кўриб чиқилган.
"Бизга лойиҳанинг биринчи босқич ҳужжатлари тақдим этилган ва фақат ер ажратиш масаласи бўйича хулоса берилган. Иккинчи босқичга оид лойиҳа ҳужжатлари ҳали келиб тушгани йўқ. Шунинг учун жамоатчиликда кўтарилаётган масалаларни баҳолаш учун зарур бўлган лойиҳалар ҳали тақдим этилмаган", – деди у.
Ғайрат Мухамедовнинг таъкидлашича, иккинчи босқичда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир, оқова сувларни тозалаш иншоотлари, бош режа, қуриладиган обьектлар ва бошқа барча маълумотлар баҳоланади.
"Бунинг учун Ботаника ва Зоология институтлари иштирокида куз, қиш ва баҳор фаслларини қамраб олган илмий тадқиқотлар ўтказилиши керак. Институтлар бу ишлар бўйича бизга мурожаат қилган, ҳозир тадқиқотлар давом этяпти. Улар тугагач, ўз хулосаларини тақдим этади. Шу талаблар бажарилгандан кейингина иккинчи босқич бўйича қарор қабул қилинади", – дейди марказ директори.
Унинг қайд этишича, марказга иккинчи босқич ҳужжатлари келиб тушгач, қонунчиликда белгиланган муддат – 25 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Марказ раҳбарига кўра, "Сеа Бреезе Узбекистан"нинг умумий лойиҳаси ҳали тайёр эмас ва шу сабабли унга экологик хулоса ҳам берилмаган.
"Лойиҳа якунига етмаган. Масалан, оқова сувларни тозалаш иншооти қандай бўлади, қуввати қанча бўлади, қанча одам қабул қилади, нечта коттеж ва уй қурилади – буларнинг бирортаси бўйича ҳали бизга лойиҳа тақдим этилмаган. Лойиҳани ишлаб чиқиш яна икки йилча давом этади. Ҳозир эса соҳилни мустаҳкамлаш, дарахт экиш ва ерни тайёрлаш ишлари олиб бориляпти. Бошқа қурилиш ишлари амалга оширилмаяпти", – деди у.
Ғайрат Мухамедовнинг айтишича, экологик экспертиза хулосаси имзоланиши биланоқ очиқ портал ва марказ сайтига жойлаштирилади.
"Биз чиқараётган ҳар бир экологик экспертиза хулосаси имзоланган куниёқ сайтимизга жойланади. Бу маълумотлар очиқ ҳисобланади", – дейди марказ директори.
Лойиҳа бўйича бошқа тафсилотларни ўхшаш хабарлар қисмидан ўқиш мумкин.

